

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Насаф" стадионига қайси жамоа билан келган бўлсам, бу ердаги муҳит ва майдон ҳолати доим ёққан. "Насаф" билан доим қизиқарли ўйинлар кечган. Бугун 16-турни ўтказган бўлсак, буни энг яхши ўйинларимиздан бири деб айтган бўлардим. Бугун ҳар икки жамоа футбол ўйнади ва ўйин голга қадар давом этди. Учрашувни бироз асабий бошладик, кейин хотиржам ҳаракат қилишга ўтдик. Дастлабки 45 дақиқаликни ўз режамиз бўйича ўтказдик. Иккинчи бўлимнинг 15-18 дақиқасини рақиб майдонида олиб бордик. Стандартлар бўлди, лекин фойдалана олмадик. Баҳс охирларида "Насаф" бизни қамаб қўйди, аммо рақиб ҳужумларига дош бера олдик. Бунинг учун аввало дарвозабонимизга раҳмат. Шунингдек майдонда ҳаракат қилган футболчиларимизга ҳам раҳмат деб қоламан. Ўйлайманки, натижа адолатли бўлди. Мен йигитларга ҳамма билан ўйнаса бўлади деб айтгандим. Яхшиям бугун хатоларга йўл қўймадик.
- Гадоев нима учун ўйин бошидан ҳаракат қилмади?
- Бу тактика ҳамда ротация билан боғлиқ. Гадоев захирадан тушиб ўйинни кучайтиряпти, бунинг учун хурсандмиз. Муҳаммаданас билан Гадоев ҳужумкор футболчилар ҳисобланади, улар захирадан тушиб ўйинни кучайтира олишади. Биз кучли жамоага қарши сафарда баҳс олиб бордик, буни ҳам инобатга олиш лозим. Ҳамма нарсани ҳисобга оламиз, шунчаки тактика тузмаймиз.
- Жамоангиз олдига қандай мақсад қўйилган?
- Ҳозирги кунда турнир жадвалида ўзимизга маъқул ўринга жойлашиб олишни мақсад қилганмиз. Ўзимизга ўзимиз кўп хатолар олиб келдик, оралиқ танаффус бизнинг фойдамизга бўлмади. Тўртта турни танаффусгача ўтказиб олганимизда яхши бўларди. Жаҳон чемпионати сабаб танаффус юзага келди, бу орада ўз ўйинимизни йўқотиб қўйдик. Омад ҳам келмади.
- Омадсиз ўйинлар нима билан боғлиқ?
- Шунга ўзим ҳам ҳайронман. Ёзги йиғинимиз қишдагига нисбатан яхши ўтди. Лекин натижа бўлмади. Гол ура олмадик, ҳимояда ҳушёрликни йўқотдик. Агар ҳимоя яхши ўйнаса, камида дуранг қайд этасан. Бугунги учрашувда ҳамма яхши ҳаракат қилди. Дарвозабонимиз жароат олган бўлишига қарамай охиригача ишонч билдирдик. Ҳар бир ўйинга профессионал қараяпмиз. Футбол даражаси ўсяпти, тактика, техника, жисмоний тайёргарлик - буларнинг барчаси муҳим, шу қаторда интеллектуал салоҳият ҳам энг муҳим даражага чиқди.
- Мавсум бошида вилоят ҳокими бу йил "Қўқон-1912" совринли ўринлар учун курашади, бунинг учун бор шароитни қилиб берамиз деб айтганди.
- Бу ҳақда кўп гапирилди. Бизда вилоят ҳокимлиги билан учрашув бўлди, ўзаро суҳбат кечди. Албатта, жамоани юқорига кўтариш учун саъй-ҳаракатлар бўляпти, лекин жадвалга қарсак ҳозир эгалаб турган ўриндамиз. Кўп нарса гапириш мумкин, кўп жамоалар декабрь-январь ойида чемпион бўламиз дейди, лекин мен бундай демаганман. Ҳеч қачон ҳужумкор тотал футбол намойиш этамиз деб ҳам айтмаганман. Раҳбариятга доим ҳаракат қиламиз деганман. Биз ҳимояда ўтирганимиз йўқ, олдинга боришга ҳаракат қиляпмиз. Ўйинларимизни кўринг, ҳеч бирида орқада ўтирмаганмиз. Ҳа, бизда бошқа жамоалардаги каби энергия йўқдир, лекин ҳаракат бўляпти. Биз космосга учишни орзу қилишимиз керак эмас, ҳар бир ўйинда майдонга чиқиб ўйнашимиз керак.



