Жамшид Саидов: "Нефтчи" ҳар иккала бўлимда устунлик қилди"

8 авг 2026, 22:50
Суперлига 16-туридан ўрин олган "Нефтчи" – "Қизилқум" (5:0) учрашувидан кейин навоийликлар бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Нима дейишим мумкин, тезкор гол ўтказиб юбордик ва шу билан ўйин ҳам ўзгариб кетди. Рақиб ҳар иккала бўлимда устунлик қилди. Биз ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. "Нефтчи" сафида маҳоратли футболчилар кўп, улар ўйин тақдирини ҳал қилишди. Энди навбатдаги баҳсга ҳозирлик кўрамиз.

- Жамоангиз қисқа паслар билан биринчи таймни ўтказди ва бу услуб яхши кўринди. Аммо иккинчи бўлимда "Нефтчи" бунга йўл қўймади. Сиз эса қисқа паслар билан ўйнашда давом этдингиз. Шунга муносабатингиз?

- Тўғри айтдингиз, биз очиқ футбол кўрсатишга ўтдик, аслида бундай қилмаслигимиз керак эди. "Нефтчи" билан меҳмонда очиқ футбол осон эмас, бунинг оқибатида кўплаб хатолар юзага келди. Рақиб дарвозаси олдида биз ҳам вазият яратдик, лекин якуний зарбани бера олмадик. Камида дурангга умид қилгандик, аммо йирик мағлубиятни қабул қилиб олдик. 

- Биринчи таймда пенальтига сабаб бўладиган иккита вазият бўлди. Шу вазиятлар бўйича ҳакамларга эътироз билдирдингиз.

- Мен ҳакамлар ишига аралашмайман. Ўз фикримни айтдим, холос. Қарорни эса улар чиқаради.

- Нодирхон Неъматхонов билан Руслан Розиев нима учун асосий таркибда тушишмади?

- Уларнинг жамоамиз сафига қўшилганига ҳали кўп бўлмади. Янгилар жамоага мослашиш жараёнини кечиряпти. Шу боис ҳозирча захирадан туширдик.

- Тез орада трансфер ойнаси ёпилади. Яна янги футболчилар келадими?

- Кўз остимизга олиб қўйган ўйинчилар бор, улгурсак қўшиб оламиз, улгурмасак шу таркиб билан мавсумни тугатиб қўямиз.

- Бугун дарвозабоннинг ўйинига қандай баҳо берасиз?

- Йирик ҳисобдаги мағлубиятга дарвозабонни айбламаган бўлардим. У қўлдан келганча ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›