

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало чиройли ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Бугун чиройли ўйин кечди, голлар ҳам чиройли бўлди. Иккита дурангдан кейин ўзимизга келишиб олишимиз керак эди. Бу борада йигитлар билан гаплашдик. "Қизилқум"ни биринчи даврада йирик ҳисобда ютгандик, бугун ҳам бунинг уддасидан чиқдик. Ўзимиз ўйлаган барча нарсани майдонда амалга ошира олдик.
- Трансфер ойнаси ёпилиши олдидан яна ўзгариш бўладими?
- Таркибни максимал даражада кучайтиришга ҳаракат қилдик. Селекция тўхтаб қолгани йўқ, фақат биз олишни хоҳлаган футболчиларнинг ўз клублари билан шартномаси бор. Шунинг учун ҳозирги пайтда яхши савиядаги ўйинчини қўлга киритиш осон иш эмас. Қолаверса, мавжуд таркибимиздан кўнглимиз тўқ ва шу йигитлар билан яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Элит ОЧЛ учун таркибни кучайтириш ниятимиз бор, бу борада иш олиб бориляпти. Худо хоҳласа яхши янгиликлар бўлиши керак. Элит ОЧЛ учун трансфер ҳали очиқ, буёғига кимни қўшиб олсак ҳам фақат халқаро майдонда ўйната оламиз. Ўзимизда легионерлар литими тўла. Шунинг учун Йован Жокични рўйхатдан чиқариб, ўрнига Коффи Куаони қўшдик.
- Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков ҳақида гап-сўзлар юрибди.
- Шукуров билан боғланганимизда ҳозирча Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини маълум қилди. Ҳамробековнинг ўз клуби билан шартномаси бор.
- Муҳсин Убайдуллаевнинг ўйини борасида фикрингиз?
- Муҳсин - универсал футболчи. Ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам, марказда ҳам, қанотларда ҳам ўйнай олади. Бугун уни таянч ярим ҳимоячи сифатида ўйнатдик, ўзидан яхши таассурот қолдирди.
- Сильванус Нимелини ортга қайтариш режангиз йўқми?
- Йўқ, бу борада иш кетмаяпти.
- Охирги ўйинларда ҳимоя чизиғида бироз хотиржамлик юзага келгандек кўриняпти.
- Агар биз ҳужумкор футболни хоҳласак ва кўп гол уришни истасак, ҳимояда хатолар бўлиши табиий. Жамоамиз ҳужумга ўтганда анча юқорига кўтариламиз, натижада орқада катта бўшлиқ қолади. Рақиб эса табиийки қарши ҳужумларда ўз омадини синаб кўради. Истаймизми-йўқми, футболда шундай бўлади.
Ёки ҳимояни мустаҳкам қўйиб битта имкониятни кутиб яшашимиз керак, ёки ҳозиргидек футбол ўйнашимиз даркор. Биз иккинчи усулни танлаганмиз. Ҳозирча 38та гол уриб, атиги 6та тўп ўтказдик. Бу шунчаки даҳшатли кўрсаткич. Доим ҳужумкор ўйин намойиш этиб олтита гол қўйиб юбориш катта меҳнат талаб қилади.
Камроқ хатога йўл қўйиш учун максимал даражада ҳаракат қиляпмиз. Лекин нима учундир матбуот анжуманидаги гапларимни тўлиқ чиқаришмаяпти. "Динамо" билан ўйиндан кейин бир гапни айтгандим, униям чиқаришмади. Кўп гапларимни қирқишяпти.
Йован Жокични мисол келтириб айтгандим, "Манчестер Сити"да Родри ўйнамаган пайт жамоа қанча қийналди. Жокич ҳам биз учун асосий фигура ҳисобланади. Унинг ўрнини бирданига тўлдира олмадик ва учта ўйинда қийналдик. Ҳозир аста-секинлик билан Жокич ўрнини бошқа футболчилар билан ёпишга ҳаракат қиляпмиз. Жамоамиз ўйин услубида таянч ярим ҳимоячиси жуда муҳим фигура ҳисобланади. Бунинг учун бизга Жокичга ўхшаган совуққон, ҳар қандай ҳолатда қарор қабул қила оладиган футболчи керак бўлади.
Жамоамизда жароҳатлар кўпайяпти, бугун Анвар Ғофуров ҳам жароҳат олди. Оптимал таркибни йиғиб, жароҳат сабаб 2-3 футболчи ўйнамай қолса, бу худди йиғилган легони бузиб бошқаттан йиғишга ўхшаб қолади. Буёғига жароҳатлар кам бўлишига умид қилиб қоламиз. Барча футболчилардан ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда фаол бўлишларини талаб қиламиз.



