

– Ўйин ҳақида ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Ўйинга келадиган бўлсак, бугун муҳим уч очкони қўлга киритдик. Футболчилар билан гаплашганимизда улар вазиятни тўғри тушуниб туришганини таъкидладим. "Бунёдкор" таркибида бир қатор ўзгаришлар бўлди, асосий ўйинчиларнинг ўрнига ёшлар жамоасидан ва дублёрлардан футболчилар майдонга туширилди. Ёшлар, албатта, ўзларини кўрсатишга, охиригача курашишга ҳаракат қилишди ва бу бизга ўзига яраша қийинчилик туғдирди.
Биринчи бўлимда қарши ҳужумда тезкор гол ўтказиб юбордик, сўнг ўзимиз учта гол уришга муваффақ бўлдик. Бироқ, иккинчи бўлим бошида яна кутилмаган гол ўтказиб юбордик. Бу вазият "Бунёдкор" жамоасига қўшимча куч бағишлади ва ўйин курашларга бой тарзда кечди. Энг муҳими – биз уч очкога эришдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу йил майдон сифати бизни энг кўп қийнаган омиллардан бири бўлди. Майдон чими жуда ёпишқоқ ҳолатда эди. Кўриниб турибдики, шу сабабли йигитлар оддий вазиятларда тўп йўқотишди, узатмаларда хатоликларга йўл қўйишди. Бундан ташқари, ўзингиз кўрдингиз, керакли ўйинчимиз жароҳат олиб майдонни тарк этди. Унга соғлиқ тилаймиз, бошқа иложимиз йўқ.
– ОКМК учун мавсумнинг ушбу қисми бироз мураккаб бошланди: учта ўйинда фақат бир очко олинган эди. Бугунги ғалаба билан жамоа учинчи ўринга қайтди. Учрашув, назаримда, учта қисмдан иборат бўлди. "Бунёдкор" ўтган турда ўйнамагани сабабли, уларда тикланиш учун кўпроқ вақт бор эди. Шундай бўлса-да, улар прессингга қарши жуда яхши ўйин кўрсатишди. Саволим шундан иборатки: иккинчи бўлимда жамоангиз рақибга кўпроқ ҳудудларни билиб туриб топширдими ёки "Бунёдкор" босимни кучайтирдими?
– Йўқ, бундай кўрсатма берилгани йўқ. Футбол 90 дақиқа ўйналади. Биз кийим алмаштириш хонасидан чиққан заҳотимиз иккинчи голни ўтказиб юбордик. Бу қандайдир палапартишлик оқибатида юз берди. Мен йигитларга ўйиндан олдин ҳам, танаффусда ҳам айтгандим: майдон ҳолати жуда оғир, бундай майдонда оёқлар тез толиқади ва чарчоқ аломатлари эрта сезилади. Шунинг учун, кимдир чарчаса, бунинг уятли жойи йўқ, қўлини кўтариб мураббийга ишора қилиши мумкинлигини ва буни тўғри тушунишимни уқтиргандим. Майдонда тўлиқ куч билан бахшида бўлиб ўйнаш керак.
Иккинчи гол футболчиларга руҳий таъсир қилди. Кейинроқ бизда яна яхши комбинациялар юзага келди. Масалан, Сиаваш Ҳақназарий юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, тўпни дарвоза тўрига шунчаки жойлаб қўйиши керак эди, лекин у зарба билан тўрни йиртмоқчи бўлди шекилли. Агар ўша вазиятда гол урилганида, ўйин тизими ва мухлисларнинг фикри бутунлай бошқача бўларди. Битта эпизод ўйиннинг бутун боришига таъсир қилиши мумкин. Аммо орқага чекиниш ҳақида кўрсатма бўлмаган. Қайсидир маънода ўша 15 дақиқалик танаффус бизнинг фойдамизга ишламади.
– ОКМКнинг ўйин услуби ҳақида сўрамоқчи эдим. Жамоа кўпинча очиқ футбол намойиш этади, яъни рақибга ҳам ҳужум қилишга имкон беради, ўзи ҳам кўп гол уради. Бироқ мавсум бошланганидан бери жамоа деярли барча ўйинларда гол ўтказиб келмоқда. 16 турда иккита учрашувда гол ўтказиб юбормади. Бу мудофаа чизиғи вакилларининг савияси билан боғлиқми ёки жамоа кўпроқ ҳужумга ўтиб кетгани учун келиб чиқадиган табиий ҳолатми?
– Йўқ, бу тўғридан-тўғри савия билан боғлиқ эмас. Футболда хатолар бўлиб туради. Баъзида позицион хатолар, ҳимояда бир-бирини суғурта қилишда камчиликлар кузатилади. Биринчидан, биз фақат ҳимояга ётиб олиб, ёпиқ футбол ўйнамаймиз. Иккинчидан, жамоа ҳужумга ўтганда, хоҳлайсизми-йўқми, орқада бўш ҳудудлар пайдо бўлади. Учинчидан, жамоанинг биринчи зонадан учинчи зонага тезкорлик билан чиқиб кетиш жараёнида қаердадир улгурмай қолишимиз мумкин.
Бундан ташқари, стандарт вазиятлардаги эътиборсизлик ҳам бунга сабаб бўлади. "Насаф" билан ўйинда Шароф Муҳитдиновнинг голида ҳам шундай ҳолат бўлганди. Масалан, вақтида "Спартак" жамоаси нима ҳисобига ғалаба қозонар эди? "Спартак" қисқа узатмалар орқали устунликка эришарди, тўпга қарагунингизча ўйинчи ғойиб бўларди. Мен буни йигитларнинг онгига сингдиришга ҳаракат қиламан – бу ерда диққатни йўқотмаслик керак. Стандарт вазиятларда жарима майдончаси ичида ҳамма ўз рақиби билан курашади, жамоадошига ёрдам беришга интилади, лекин баъзида ўзларига бириктирилган ўйинчини унутиб қўйишади. Футбол бу – 11 га 11 ўйналадиган ўйин. Диққатни ва ҳушёрликни йўқотмаслик жуда муҳим.
– Ўтган ўйинда Каримов Зафар Муродов билан тўқнашиб кетган эди. Каримов ўша эпизодда жароҳат олганмиди?
– Футболда бўлиб турадиган ҳолат, унинг жароҳати бор эди. Мен охирги вазиятда унинг бўйнидан шикастланганини кўриб қолдим. Иссиқ жон. Аслида, ҳар бир позицияда иккитадан тенг кучли ўйинчи бўлиши керак. Бироқ майдонга тушганда у кутилганидан жуда ҳам паст даражадаги ўйин кўрсатди. Барча яккакурашларни бой берди ва жуда секин ҳаракат қилди. Оддий вазиятларда хато қилдик. Биз қийналиб гол уряпмиз, лекин ўзимиз осонлик билан гол ўтказиб юборяпмиз. Шу сабабли уни алмаштиришга қарор қилдим.

– Бугунги ғалабада энг асосий омил сифатида нимани кўрсатасиз: характер, тактика ёки футболчиларнинг индивидуал маҳорати?
– Жамоавий ўйинни.
– Саволим сизга бегона бўлмаган "Бунёдкор"даги ҳолат ҳақида. Жамоанинг ўйин услуби ёки натижалари эмас, молиявий ҳолати, Ривалдо олдидаги қарзлар ҳақида сўрамоқчи эдим. "Бунёдкор" кўпчиликка нисбатан сизга яқинроқ бўлган клуб. Клубнинг банкротлик ёқасига келиб қолгани ҳақида миш-мишлар бор, яъни "Бунёдкор" комада ётган бемордек. Нима деб ўйлайсиз, бу беморнинг узоқ вақт азобланишига йўл қўймасдан, қарзларсиз қайта дунёга келиши тарафдоримисиз ёки жамоа йиллар давомида яшаш учун курашиши керакми?
– Мен Илёс Зейтуллаевга ҳам айтдим, энг муҳими – соғлиқ. Бундай ҳолатлар футболда бўлиб туради. Худо хоҳласа, ҳаммаси изига тушиб кетади. Бу клуб барибир катта маскан, бу ерда қанчадан-қанча одамларнинг меҳнати ётганини унутмаслик керак. Ҳеч ким бу инфратузилмани ўзи билан бузиб кўтариб кетмайди, буларнинг барчаси шу ерда, ўзимизнинг ёш авлод учун қолади. Ишонаманки, қанчалик кўп одам меҳнат қилаётган бўлса, бу муаммоларнинг ечими ҳам топилади. Ҳеч бир меҳнат бесамар кетмайди. Яхши ечим топилиб, бу клуб яна футболимиз ривожига хизмат қилади, деган умиддаман.
– Хуршид Ғиёсов ОКМК сафида охирги йилларда лидерга айланди, аммо "Нефтчи"да етарлича самарадорлик кўрсата олмаяпти, уни "Андижон"га ижара берилиши ҳақида хабарлар чиқди. Трансфер ойнасида Ғиёсовни қайтариш ёки ижара олиш бўйича музокаралар бўлмадими?
– Хуршид Ғиёсов ҳақидаги саволни унинг мураббийига берасизлар.
– Миржамол Қосимов ҳақида сўрамоқчи эдим, у кейинги рақибингиз "Бухоро"га биринчи даврада гол урганди, аммо охирги 4 ўйиндан бери майдонга туширилмаяпти.
– У жароҳат олган.



