

Ушбу ислоҳотнинг ижобий ва салбий томонлари, инфратузилма тайёргарлиги ва клублар дуч келиши мумкин бўлган молиявий ҳамда логистик муаммолар ҳақида соҳа мутахассиси Улуғбек Мирзаев ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
"Бу масалани янада обдон ўрганиб чиқдим. Тўғриси, бундай форматга ўтиш мавзуси илгари ҳам вақти-вақти билан кўтарилиб турарди, аммо мутахассислар, мухлислар, ЎФА ёки ПФЛ томонидан жиддий таҳлил қилинмаган эди. Ҳозирда эса Осиё клублар мусобақалари август ойида старт олиб, майда якунланаётгани ҳамда трансфер ойнасининг асосий қисмини бутун дунё билан бир хил вақтда ўтказиш мақсади илгари сурилмоқда. Янги тизимни 2028 йилнинг августидан бошлаш режалаштирилган. Айтишим мумкинки, бу жуда мураккаб ва оғир масала — осон бўлмаслиги аниқ.
Биринчи хулосам шуки, стадионларимиз ҳали бу форматга тайёр эмас. Жуда кўп жамоалар ўз майдонида тўп тепа олишмаяпти. Ноябрь, декабрь ва февраль ойларида ҳаво жуда совуқ бўлади, клубларимиз қийналади. Бизнинг майдонлар май-июнь ойларига келибгина идеал ҳолатга келади, кейин эса уларни кузгача сифатли ушлаб туриш талаб этилади. Демак, куз-баҳор тизимига ўтишдаги энг катта муаммо — инфратузилма ва стадионлар. Шу сабабли бу борада "етти ўлчаб, бир кесиш" лозим. Масалан, бирор маҳсулот бозорга киргач, у қайтиб чиқиб кетмаслиги керак. Янги форматга ўтсагу, майдонларимиз тайёр бўлмаса ёки бошқа муаммоларга дуч келиб, яна ортга қайтсак-чи? Орада қанча вақт ва имконият бой берилади. Менимча, Ўзбекистон ҳозирча бу форматга тайёр эмас, иқлимимиз ҳам ушбу йўналишда ишлашга мос келмайди. Шу боис мазкур омилларни инобатга олган ҳолда иш тутиш зарур.
Футболи энг ривожланган Бразилияни олиб қарайлик: уларнинг шунча футболчиси бўлатуриб, ички чемпионати Европа трансфер ойнасига мослаштирилмаган. Уларда мусобақалар, худди биздагидек, январда бошланиб, декабрда тугайди. Бразилиядан қанчадан-қанча футболчи хорижга легионер бўлиб кетади, аммо улар "трансфер ойнасига мослашишимиз керак" дейишмаяпти-ку. Катта клублар бразилияликларни таркибга қўшиб олишда ҳеч нарсани аяшмаяпти ва бунга трансфер ойнасининг муддати халақит бераётгани йўқ.
Шунингдек, янги формат клубларга қандай қулайлик беришини ҳам кўрмаяпман. Одатда Осиё клублар турнири тақвимига мослашиш важ қилиб кўрсатилади. Ваҳоланки, янги форматда ўйин амалиётимиз кам бўлган ҳолатда мусобақага киришишга тўғри келади. Ҳозир эса клубларимиз яхши спорт формасида ва ўйин тонусида бўлгани учун ҳам натижа кўрсатишмоқда. Масалан, "Пахтакор" саралашда Иордания жамоасини мағлуб этди, Саудия Арабистони клубларига етарлича қаршилик туғдирди. Биз ана шу мавжуд афзалликларни ушлаб қолишимиз керак.
Бундан ташқари, клублар бюджети январдан декабрга қадар ҳисобланади. Мусобақалар августдан майгача давом этса, молиявий йил 2 та даврга бўлиниб кетади ва бу ҳомийлар билан муаммоларни келтириб чиқаради.
Нафақат майдонлар, балки умумий инфратузилма ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Кузда, ноябрь-октябрь ойларидаги ўйинларни "учрашув тезроқ тугасайди" деб томоша қилишларини айтишган. Бизда ёпиқ стадионлар йўқ, трибуналар музлаб кетади. Мухлислар қалин кийиниб келишса-да, совуқ барибир ўз таъсирини кўрсатади, майдонлар эса лойқага айланади. Қишда ҳатто электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилади. Биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ҳаётини ҳисобга олиш лозим. Ўйинлар қолдирилиши, қишда довонлар ёпилиб қолиши каби омиллар бор.
Бу формат ёш футболчиларнинг ўсишига ва жисмоний жиҳатдан шаклланишига ҳам катта халақит беради. Агар бу тизим ўзини оқламай, эски форматга қайтилса, яна қанча вақт йўқотилади. Ўйлайманки, бу тизимнинг ижобий томонларидан кўра салбий оқибатлари кўпроқ. Айниқса, биз жойлашган географик кенгликдаги иқлим шароитида бу жуда оғир кечади. Қишимиз аёзли келади, ёзда эса мавсум олди тайёргарлигини олиб бориш мураккаблашади”, – деди Мирзаев.



