Асрор Алиқулов: "Ғазалкент" ҳимояда яхши ўйнаб, бизга имкон бермади"

Aslanov Jasurbek
11 июн 2026, 01:47
Пролига 10-турдан ўрин олган "Шўртан" – "Ғазалкент" учрашуви 0:2 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Ғазалкент" жамоаси бу мавсум ўзини яхши кўрсатяпти ва жамоа таркибида ёш иқтидорли футболчилар бор. Шу боис йигитларимизга жиддий муносабатда бўлишни уқтиргандик ва рақибни менсимаслик ҳолати бўлмаслигини айтгандик. Учрашув курашларга бой кечди. Биринчи таймда камроқ бўлса-да вазият яратдик. Иккинчи бўлимда рақиб ўн киши қолиб ҳам қарши ҳужумда бизни жазолади. Рақиб ёш бўлишига қарамай, таркибда бўйдор ҳимоячилари бор. Улар ҳимояни яхши қўриқлашди. Биз "иккинчи қават"да ҳам устунликка эриша олмадик. Мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман.

- Шогирдларингизда рақибни менсимаслик ҳолати кузатилдими?

- "Ғазалкент" бир ўйинчи кам бўлиб қолгач, чуқур ҳимояга ўтди. Натижада биз узун паслар билан ўйнай бошладик. Қанотлардан ҳужум уюштиришимиз керак эди. Лекин оддий вазиятларда тўпни узатиб бера олмадик. Оддий тўп узатиш футболчи учун қийин эмас. Биз бунақа ўйин кўрсатмаслигимиз керак эди. Бундай ўйин намойиш этиш мураббий учун ҳам, жамоа учун ҳам уятли деб ҳисоблайман.

- Қизил карточкадан сўнг "Шўртан" бамайлихотир ҳаракат қилди. Захирадан туширилган Ғанишер Қодиров, Ислом Кенжабоев каби футболчилар қанчалик ишончни оқлашди?
- Ғанишер Қодиров охирги бир нечта ўйинларда жамоамизга ёрдам бериб келди. У тўпни ўзида яхши сақлай олади. Бир вазиятда жарима тўпи ишлади, аммо бошқа футболчимиз зарбани жуда ёмон амалга оширди. Қолган вазиятларда рақиб ҳимоячилари унга имкон беришмади.

- Турнир жадвалида "Арал" биринчи ўринда кетяпти. Уларда тўплар нисбати ҳам яхши.
- Биз уч очко ортда қоляпмиз. Ҳужум борасида камчиликлар бор. Тўпни тепаётганда ҳадеб кучли зарба бериш шарт эмас, гол уриш учун кўпроқ ақлни ишлатиш керак бўлади. Хатоларимиз нимада эканини биламиз ва шуларни тўғрилаш устида ишлаймиз.

- Оралиқ танаффусдаги режаларингиз?
- Пролига савиясини ўзингиз кўряпмиз, ўйинлар юқори темпда босим остида ўтяпти. Бизга юқори темп билан ўйнайдиган футболчилар керак. Айниқса ўрта чизиғимиз жуда секин ҳаракат қиляпти. Ўрта чизиқни ва ҳужумни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›