Бахтиёр Умаров: "Рақибдан фақат курашга асосланган бундай ўйинни кутмаган эдик"

Оқил Абдубарноев
25 июл 2026, 22:30
"Республика ФА" ёрдамчи мураббийи Бахтиёр Умаров Пролига 11-тур доирасидаги "Жайхун"га қарши ўйиндан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Учрашувга келадиган бўлсак, бугун асосан жисмоний курашларга бой ўйин гувоҳи бўлдик. Майдонда тактик ҳаракатлардан кўра, жисмоний тортишувлар устунлик қилди. Тўғрисини айтсам, рақибдан фақат курашга асосланган бундай ўйинни кутмаган эдик. Аввалги ўйинларини таҳлил қилганимизда, улар асосан тактик футбол намойиш этишаётган эди. Бугунги кутилмаган босимга йигитларимиз қайсидир маънода тайёр эмасди.

Ҳисобга келадиган бўлсак, ўйлайманки, натижа адолатли бўлмади. Биз мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмадик.

– Ўйиннинг 60-дақиқасидан кейинги ҳолатга эътибор қаратсак: жамоа тўпни асосан ўз назоратида ушлаб турди, бироқ кескинлаштирувчи ҳужумлар уюштирилмади. Сўнгги узатмалар манзилга аниқ етиб бормади. Умуман олганда, сўнгги пайтларда жамоангиз рақиб жарима майдончаси атрофида (учинчи ҳудудда) шундай муаммоларга дуч келмоқда. Биринчи давранинг бошида ҳужумларни якунлаш босқичи анча яхши эди. Бу чемпионатдаги кичик танаффус туфайли футболчиларнинг спорт формасидан (тонусидан) чиқиб қолгани билан боғлиқми?

– Ҳа, айрим сабабларга кўра юзага келган танаффус натижасида йигитлар спорт формасидан бироз чекинишди. Фикримча, ҳужумларни якунлашдаги мавжуд муаммолар бевосита мана шу омил билан боғлиқ.

1000138553.jpeg

– Яна бир жиҳатга ойдинлик киритсангиз. Бугунги курашларга бой баҳсда аксарият футболчилар ҳиссиётга берилиб, майдонда жуда кўп асабийлашишди. Ваҳоланки, бу йигитларнинг кўпчилиги миллий терма жамоамиз аъзолари саналади. Халқаро майдонларда ҳам курашларга бой шундай кескин ўйинлар тез-тез учраб туради. Жамоада бундай руҳий ҳолат устида қандай иш олиб борилмоқда? Адашмасам, 11-рақамли футболчи ҳам айнан ҳаддан ташқари асабийлашгани сабабли алмаштирилди.

– Рақибни ўрганганимизда, улар шу пайтгача бу даражада курашларга бой ўйин намойиш этишмаган эди. Қолаверса, рақиб футболчилари тажрибали ва ёши каттароқ, бизнинг жамоа эса нисбатан ёш. Шу сабабли, кўп ҳолларда яккама-якка курашларда имкониятни бой бериб қўйдик. Майдондаги кетма-кет бой берилган курашлар табиий равишда футболчиларда асабийлашишни келтириб чиқарди. Натижада, йигитлар ўз ўйинларини йўқотиб қўйишди ва биз ўзимизнинг одатий футболимизни кўрсата олмадик. Рақиб бунга имкон бермади: улар бор эътиборини фақат жисмоний курашга қаратгани сабабли, биз тактик режаларимизни тўлиқ амалга ошира олмадик.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia