Асрор Алиқулов: "Охиригача курашдик, фақат ўзимиз хоҳлаган натижага эриша олмадик"

24 июл 2026, 22:41
Пролига 11-туридан ўрин олган "Арал" – "Шўртан" (3:1) учрашувидан кейин "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқиб ўйин аҳамияти юқори эди. Негаки "Арал" пешқадам, биз эса иккинчи ўринда боряпмиз. Шунга кўра, мақсадимиз ижобий натижа қайд этиб, "Арал"ни узоқлаштирмаслик эди. "Арал" учрашувда ҳисобни очганидан кейин биз ҳам тўп киритдик, лекин негадир голимиз инобатга олинмади. Шундан сўнг ҳам ҳужумга кўпроқ эътибор қаратиб, қарши ҳужумда рақиб ҳужумини ўтказиб юбордик. Охиригача курашдик, фақат ўзимиз хоҳлаган натижага эриша олмадик. Бу майдонда "Арал" каби футбол ўйнай олмаслигимиз кўриниб қолди.

- Бир ярим ойлик танаффус пайтида бу ўйинга тайёргарлик қандай кечди?

- Биринчи навбатда сунъий майдонга мослашиб олишимиз зарур эди ҳамда футболчиларга "Арал" стандарт вазиятлардан жуда яхши фойдаланишини айтгандик. Афсуски, стандарт вазиятдан гол ўтказдик, қолаверса сунъий майдонда тўп ерга тушса тепароқ сакрайди, бу каби жиҳатларни ҳам эътиборга олишимиз керак эди. Тўғри тактика танлашга ҳаракат қилдик. Бу ўйинда "Арал" яхши ҳимояланди, биз эса ҳужумда ёмон ҳаракат қилдик. Ғалаба билан рақибимизни табриклайман.

- Ҳозирча трансфер ойнаси очиқ. 10 августга қадар янги футболчилар келадими?

- Пролигада ҳамма жамоалар охиригача курашяпти. Шу боис трансфер борасида ҳам адашмасдан иш тутишга тўғри келади. Бундай вазиятда малакали футболчилар керак. Бизга курашувчан, тез фикрлайдиган ўйинчилар керак ва бу борада иш олиб боряпмиз.

- "Арал"да бўйдор марказий ҳимоячилар ўйнади. Бу ҳолат ҳам инобатга олинганмиди?

- Ўртада тўп йўқотганимиз иккинчи голга олиб келди. "Арал"да нафақат марказий ҳимоячилар, қанот ҳимоячилари ҳам яхши ўйнади. Биз эса оддий тўп узатишларда хатога йўл қўйдик. Пайтида тўп оширмаганимиз сабабли кўп ҳужумларимиз тўхтаб қолди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia