Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси – CAFA чемпиони!

Оқил Абдубарноев
26 июл 2026, 00:08
Тожикистонда ташкил этилган CAFA U-20 Women’s Championship 2026 мусобақаси ўз ниҳоясига етди.

Турнирнинг сўнгги турида Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси мезбон Тожикистон вакилларига қарши майдонга тушиб, 7:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди.

Учрашувнинг дастлабки бўлимида Наргиза Маматалиева ҳисобни очди. Шундан сўнг Шаҳзода Алихонова рақиб дарвозасини икки бор ишғол қилиб, устунликни мустаҳкамлади. Тайм якунланиши арафасида терма жамоамиз сардори Шаҳноза Деканбоева ҳам гол уриб, биринчи бўлим 4:0 ҳисобида якунланишини таъминлади.

Иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон вакилалари ташаббусни қўлдан бой беришмади. Севинч Ғуломова бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни 5:0 кўринишига келтирди. Орадан ўн дақиқа ўтиб Ёдгора Юсупова пенальтидан аниқ зарба йўллади. Учрашувдаги якуний гол эса 78-дақиқада Мария Дахова томонидан киритилди.

Шу тариқа, Виктория Сирота бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси мусобақани 3 та учрашувда 7 очко билан якунлаб, CAFA U-20 Women’s Championship 2026 турнири ғолибига айланди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: ЎФА