Асрор Алиқулов: "Ҳужумда кам вазият яратдик"

4 июн 2026, 22:35
Пролига 9-турдан ўрин олган "Шўртан" – "Металлург" учрашуви 1:0 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугун Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган икки жамоа ўзаро баҳс олиб борди. Қолаверса ҳар икки клуб Суперлигани кўрган ва ўзига яраша тарихга эга. Ўйинга келадиган бўлсак, эътиборни асосан стандарт вазиятларга қаратдик ҳамда ҳимояни ўйладик. Шу боис бўйдор футболчиларни туширдик. Ҳужумда кам вазият яратдик, иккинчи бўлимда нисбатан кўпроқ ҳужум қилдик. Кичик ҳисобда ғалаба қозондик ва бу билан "Шўртан" мухлисларини табриклайман.

- Иккинчи тайм бошида Роман Вегеряни алмаштирдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ўз дарвозамиз яқинида камроқ қўпол ўйнаш мақсадида алмаштирдик. Чунки исталган хатодан рақиб гол уриб қўйиши мумкин эди. "Металлург" сафида хатодан унумли фойдаланадиган футболчилар борлигини билардик. Ҳужумга чиқиш жараёнида уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнадик. Бу эса кўпроқ ҳаракатни талаб қилди. Роман бу вазиятларда бироз ишончсиз кўринди, шу боис алмаштирдик.

- Аксар вазиятларда Юрий Клочков ўз даражасида ҳаракат қила олмади.

- Буни тактик схемадаги ўзгариш билан изоҳлаган бўлардим. Бугун Юрани ҳужумчи ортига қўйдик, у иккинчи ҳудудда яхши ҳаракат қилиб ҳужумга ёрдам бериши керак эди. Тўғри, бирга бир вазиятдан гол ура олмади, лекин тезкор футболчи ҳамда гол бўлган вазиятда самарали тўп узатишни амалга оширди.

- Сўнгги дақиққалардаги ўзгаришлар жамоага қанчалик ёрдам берди? Уч нафар ёш футболчи бирданига майдонга тушди.

- Биринчи бўлимда кўпроқ ёши катта футболчилар тажрибасига суяниб ҳаракат қилдик. Чунки "Металлург" осон рақиб эмасди. Ғалаба қозонишимизга ишонч ортиб боргач ёшларни ҳам туширишни мақсад қилдик. Масалан, Ғанишер Қодиров бугун яхши таассурот қолдирди.

- Жўрабек Маннонов алмаштирилиши нима билан боғлиқ?

- Унинг мушакларида оғриқ сезилди, шу боис алмаштирдик. Футболчининг ўзи алмаштиришимизни сўради.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia