Зинедин Зидан Франция терма жамоаси бошқарувини қачон ўз қўлига олади?

18 июл 2026, 19:57
Афсонавий француз футболчиси ва мураббийи Зинедин Зидан 1 сентябрдан расман Франция миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлайди.

Бу ҳақда “L’Équipe” нашри хабар тарқатди. Манбага кўра, Зиданнинг тайинлангани расман қачон эълон қилиниши ҳозирча маълум эмас. Бироқ томонлар ўртасида алмашилган ҳужжатларда айнан 1 сентябрь иш бошлаш санаси сифатида белгиланган. Шу кундан бошлаб Зидан ва унинг мураббийлар штаби аъзоларининг шартномалари кучга киради.

Шу тариқа, ЖЧ–2026нинг учинчи ўрин учун Англияга қарши баҳси Дидье Дешам учун Франция терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги сўнгги учрашув бўлади. У 2012 йилдан буён "уч ранглилар"ни бошқариб келиб, 2018 йилги Жаҳон чемпионати ва 2021 йилги Миллатлар лигасида ғолиб чиққан эди.

Зидан бошчилигидаги Франция терма жамоаси илк расмий учрашувларини Миллатлар лигаси доирасида ўтказади. Французлар 25 сентябрь куни меҳмонда Туркия билан, 28 сентябрда Бельгияга қарши, 2 октябрда ўз майдонида Италия билан, 5 октябрда эса яна Бельгия терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Зинедин Зидан мураббий сифатида "Реал" билан улкан муваффақиятларга эришган. У жамоани уч марта кетма-кет Чемпионлар лигаси ғолиблигига олиб чиққан кам сонли мутахассислардан бири ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: L’Équipe