Зайниддин Тожиев: "Суперлиганинг ҳар бир жамоасига қарши ўйин йигитларга жуда катта тажриба беради"

Aslanov Jasurbek
20 май 2026, 23:50
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи 3-тури доирасида "Ғазалкент" - "Локомотив" (1:5) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Жамоамиз жуда ёш. Суперлиганинг ҳар бир жамоасига қарши ўйнаш уларга жуда катта тажриба беради. Бугунги ўйинга тўртта ротация қилгандик, сал-пал услубни ҳам ўзгартириб кўрдик. Йигитлар бир-бирини тушуна олмади, иккита голни тезда ўтказиб юбордик. Шуни ҳисобига 40-дақиқада тўртта ўзгартириш киритдик. Ўзи биринчи бўлимдан кейин режаларга ўзгартиришлар киритмоқчи эдик. Вазиятдан келиб чиқиб, буларни биринчи бўлимнинг ўзидаёқ амалга оширдик ва ўйинни бироз бўлса-да, ўзгартирдик. "Локомотив" жамоасини ғалаба билан табриклайман, биз ўйинни тахлил қилиб чиқамиз. Хатоларни ўрганиб, уларни бартараф қилишга ҳаракат қиламиз. Яна бир бор айтаман, бизнинг вазифамиз - йигитларни тарбиялаб, Суперлига жамоаларига етказиб бериш. Бундай ўйинлар йигитларим учун фақатгина плюс томонга ишлайди.

- Кубок мусобақаси Суперлиганинг икки жамоаси - "Локомотив" ҳамда "Динамо"га қарши ўйнаш имкониятини берди. Ушбу жамоалар фонида Сизнинг жамоангиз қандай кўринди? Умумий таассуротлар қандай?

- "Динамо" билан йигитлар ёмғирли ҳаво сабабли камроқ ҳаракат қилишди, ўйин курашларга бой бўлди. Шунда ҳам жамоам умуман бўш келмади. Кубокда ротация қилиб, бошқа йигитларга ҳам имконият бериш керак. Гуруҳдан чиқиш вазифаси бажариб бўлинганидан кейин бошқаларга бугун бўлмаса, қачон имконият берамиз, деган савол келиб чиқарди. Нима бўлган тақдирда ҳам футболчиларим тушкунликка тушиб қолишмайди, чунки барчаси режа асосида кечмоқда. Бу борада умуман ҳавотир йўқ. Буни ўйиндан олдин шогирдларимга бизда босим йўқлигини, бемалол ўзларингиз истаган ўйинни кўрсатаверишларини айтгандим.

- "Ғазалкент" жамоаси 2-турдаёқ пешқадам сифатида плей-оффга чиқди ва шу сабабли 3-турни шунчаки расмиятчилик учун ўтказди. Бундай ҳолатда исталганча режа қилиш мумкин. Бу ҳолат жамоага ёқимли бўлса керак.

- Албатта, ёқимли. Раҳбарият бизда жамоани кубокда гуруҳдан чиқиш вазифасини қўйганди. Бунинг иккинчи турдаёқ ҳал бўлгани - фақатгина йигитларнинг меҳнати. "Лочин" билан ҳам жуда қийин ўйин бўлди. Таркиб ёшлиги сабабли ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказиш осон эмас, улар тез чарчаб қолишади. Шу боис футболчиларни тезроқ тиклаш, уларга ҳам яхши овқатлар, витаминлар бериш керак. Бизда бу аъло даражада. Барча жамоалар қисқа муддатда 7-8та ўйин ўтказишди. Бугун эса чарчоқ аломатлари сезилди, айрим футболчиларнинг томирлари тортишиб қолди. Буларнинг барчаси чарчоқдан келиб чиқади.

- Жамоанинг тез чарчаб қолаётгани кўриниб турибди. Бу борада мураббийлар штаби ишлар олиб боряптими?

- Бизда доимо икки маҳаллик машғулотлар бор. Ўйинга 72 соат қолса, бир маҳаллик машғулот режимига ўтамиз. Буларнинг барчаси режа бўйича бўлмоқда. Ўртада 5-6 кунлик дам бўлса-да, биз 1-2 кун дам бериб, кейин футболчиларни режа асосида тайёрлаймиз. Бу йил бошида тузилган режа ва йил давомида бунга амал қиламиз.

- 40 кун ичида жамоалар 9-10тадан ўйин ўтказишди. Ўзбек жамоалари бундай зич тақвимга қанчалик тайёр экан?
- Пролигага эътибор беринг, ўтган йилги лига билан бу йилгисининг ер билан осмончалик фарқи бор. 1-ўриндаги жамоа сўнгги поғонадаги жамоага ютқазиб қўйиши ҳам мумкин. Бу рақобат кучайганидан далолат. Қолган жамоалар йил бошида тузган режасига кўра барчаси яхши бўлдими, йўқми, буни билмайман. Лекин ўзимизнинг жамоага келадиган бўлсак, барчаси биз ўйлагандек бўлди.

- Кейинги босқичда қайси жамоа билан ўйнашни истайсиз? Пролига ёки Суперлига жамоаси?
- Энди бу қуръа. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ўйинга жиддий тайёрланиб, ўзимизнинг кучли томонларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›