

Ўйиндан кейин "Ғазалкент" бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ўйин қизиқ ва қийин кечишини билардик, чунки иккита тенгдош жамоа ўзаро баҳс олиб борди. Қолаверса футболчилар бир-бирларини яхши танийди, олдин бирга тўп тепганлари ҳам бор. Бундай учрашувларда майдонга тушган ҳар бир футболчи ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Яхшиям биринчи бўлимда гол уриб олдик. Кейин иккинчисини ҳам урдик. Барибир қисқа муддат оралиғида ўйинлар бўлиб ўтаётгани билиняпти. Чарчоқ йиғилиб қолгани сабабли иккинчи тайм охирларида ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Яна иккита турдан кейин танаффус бўлади, шу танаффус чоғида ўйинчиларни тиклаб оламиз. "Пахтакор фарм" жамоасига кейинги баҳсларда омад тилайман.
- Жамоангиз иккита фронтда кураш олиб боряпти. Шундай паллада жисмоний чарчоқни йўқотиш учун қандай иш олиб бориляпти?
- Биз декабрь ойида янги мавсумга ҳозирликни бошладик, футболчиларимиз жисмоний томондан тайёр, фақат қисқа муддатли ўйинларга тўлиқ тайёр эмасмиз. Ўтган мавсум U-19 чемпионатида тўп тепган ўйинчилар бу йил Пролигада ҳаракат қиляпти. Суперлигани оз бўлса-да кўрган фақат уч нафар футболчимиз бор. Қолган ҳамма U-19да ўйнаган болалар. Бу барибир таъсирини кўрсатади. Тайёргарлик ва машғулотлар бўйича кўнглимиз тўқ. Бу борада муаммо йўқ. Декабрдан бери режа асосида ишлаб келяпмиз. Ҳар тўрт кунда футбол ўйнаса чарчоқ бўлади. Суперлигада ҳам шу ҳолат кўринди.
- Кўплаб эпизодларда футболчилар узоқ бурчакда турган ўйинчига тўпни узатишда хатога йўл қўйиб, бу хато бир неча марта такрорланди. Шу орқали вазиятлар ҳам бой берилди.
- Футболда бу каби хатолар бўлиб туради. Бизнинг чап қанотда ўнақай футболчи ўйнайди, у тўпни олиб ўнг оёғига тўғрилайман дегунча вақт ўтади, аслида чапда чапақай футболчи ўйнаши керак. Шунинг ҳисобига ҳам хатолар кузатилаётган бўлиши мумкин. Машғулотларда бу борада ишлаймиз, футболчиларга ўргатамиз.
- 2 июнь куни Ўзбекистон Кубоги 1/8 финалига қуръа ташланади. "Ғазалкент"га ким рақиб бўлишини хоҳлайсиз?
- "Пахтакор" билан "Насаф" тушмаса бўлгани.
- "Пахтакор" стадиони сиз учун бегона эмас. Футболчилик фаолиятингизда кўп бор шу ўйингоҳда тўп тепгансиз. Мураббий сифатида қайтиш қандай ҳиссиётларни берди?
- Футболчилик даври умуман бошқа давр. Мураббийликдаги ҳиссиётлар бошқача бўлади. Ўйинчилик пайтимда ҳар гал "Пахтакор" стадионида ғалаба учун ўйнардик. Энди мураббий сифатида ҳам шогирдларимга ютиш учун ўйнаш кераклигини айтяпман. Футболчиларимизга раҳмат, чизган чизиғимиздан чиқмай берилган кўрсатмаларни уддалашяпти, шу боис ҳам ғалабага эришдик.



