

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Зайниддин Тожиев (“Ғазалкент”)
“Ғазалкент” Ғузорда Про лига етакчиларидан бири “Шўртан” меҳмони бўлиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув тақдирини захирадан туширилган Иван Коршунов ҳал этди. “Ғазалкент” Зайниддин Тожиев кўрсатмаларини тўла адо этиб, сенсация қайд этди. Championat.asia сайти айнан уни тур мураббийи сифатида эътироф қилди.

Тур футболчиси — Саидхон Ҳамидов (“Олимпик-MobiUz”)
“Олимпик-MobiUz” ортда қолган турда “Яйпан” майдонига сафар уюштириб, рақибни 6:1 ҳисобида тор-мор келтирди. Учрашувда чап қанот ҳимоячиси Саидхон Ҳамидов хет-трик қайд этди. Шу тариқа, у Championat.asia ижодкорлари томонидан тур футболчиси бўлди.

Тур дарвозабони — Асрорбек Кенжаев (“Ғазалкент”)
“Ғазалкент” “Шўртан”дек кучли жамоани мағлуб этишида меҳмонлар посбони Асрорбек Кенжаевнинг ўрни беқиёс бўлди. “Ғазалкент” 1 киши кам бўлиб қолганига қарамай, у бир қатор вазиятларда жамоаси жонига ора кирди. Шундай қилиб, ўйинни “қуруқ” ўтказган 21 ёшли дарвозабон 10-турнинг энг яхши посбонига айланди.

Тур голи — Бекжон Раҳматов (“Лочин”)
“Лочин” хавбеки Бекжон Раҳматов “Каттақўрғон”га қарши баҳсда олис масофадан белгиланган жарима зарбасини голга айлантирди. Унинг устамонлик билан йўллаган зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўридан жой олди. Айнан шу гол турдаги энг яхшиси деб топилди.




