Вадим Абрамов: "Дарвозамизга тўп тўғри келса бўлди, гол бўляпти"

2 май 2026, 23:22
Суперлига 11-турдан ўрин олган "Динамо" – "Машъал" учрашуви 3:1 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Узоқ кутилган ғалабани қўлга киритдик. Аввалги салбий натижалар учун мухлислардан яна бир бор узр сўрайман. Энди Суперлигада танаффус бўлади, биз эса камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Баъзи сабабларга кўра, бир нечта футболчимиз бугунги ўйинни ўтказиб юборди. Бугун яна ғалати гол ўтказдик. Дарвозамизга тўп тўғри келса бўлди, гол бўляпти. Орқада ҳеч нолга ўйнай олмаяпмиз. Шунга қарамай курашдик ва якунда ғалабани қўлга киритдик.

- Етакчилар йўқлиги ҳақида

- Ҳожимирзаев ўтган тур "қизил" олганди. Бугунги ўйинни Жумабоев ҳам дисквалификация сабаб ўтказиб юборди.

- Олдиндан Кубок баҳслари кутмоқда. "Динамо"нинг Кубокдаги мақсади қандай? Футболчиларга иштиёқ берса бўладими?

- Агар муаммолар ҳал қилинса, бемалол иштиёқ бера оламиз. Лекин ҳозирча муаммолар ҳал бўлмади. Биз Кубокда ҳам ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу шундай мусобақаки, ҳар ўйинда майдонга тушиб ютиш керак бўлади. Энг муҳими, стадионга яна мухлисларни қайтаришимиз керак.

- Кубок ўйинларида ротация кутсак бўладими? Масалан, U-21 жамоасида Ислом Холдоров жуда яхши ўйнаяпти.

- Ротация албатта бўлади. Бизда Суперлига ўйин амалиётига эга бўлмаган бошқа футболчилар ҳам бор. Уларни ҳам синаб кўрамиз, лекин Кубокда шунчаки иштирок этмаймиз.

- Бугунги ўйинда дарвозабон Равшан Ягудинга ишонч билдирдингиз?

- Ҳар гал гол ўтказганда ва салбий натижа қайд этганда кейинги баҳсда дарвозабонни алмаштиришга тўғри келяпти. Ягудин билан Хоразмда бахтсиз ҳодиса рўй берганди, аммо у тажрибали дарвозабон. Бугун ҳам тўп ўтказди, лекин зарбани қайтарса бўларди. Биз жуда кўп гол ўтказяпмиз, бунақа футбол ўйнаб бўлмайди. Ҳимояда ҳам нотўғри ўйнаяпмиз.

- Ва ниҳоят Тўхтасинов тўп киритди. Унга алоҳида кўрсатма берилганмиди?

- Биз сен гол урасан деб ҳеч кимга алоҳида кўрсатма бермаймиз. У асосий таркибда майдонга тушди ва ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Одатда бу чизиқда Азизбек Амонов ўйнайди, лекин Ҳожимирзаевнинг йўқлиги сабаб Азизни олдинга ўтказдик ва Тўхтасиновни унинг ўрнида ўйнатдик. У иккита гол урди ва бундан хурсандмиз. Лекин доим асосий таркибда тушиши учун ўзини исботлаши керак бўлади.

- Жаҳонгир Ўрозов учинчи бор жамоа сардори сифатида ҳаракат қилди. Ўтган йил "Машъал" билан ўйинда ҳам шу футболчи жамоани сардор сифатида бошлаб тушган ва "Динамо" 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.

- Аслида бизда жамоа сардори Салим Мустафоев. У тушмаса Ҳожимирзаев, Ҳожимирзаев ўйнамаса Ўрозов сардор бўлади. Агар учала футболчимиз ҳам бир пайтда майдонга туша олмаса, унда ким сардор бўлади? Бу савол ҳам бор ва ҳозирча жавобини билмайман.

- "Динамо"нинг ҳужум триоси ҳамон яхши ва футболчилар гол уряпти. Лекин ҳимоя ўтган йилгидек яхши ўйин кўрсата олмаяпти.

- Ўтказиб юборилган голларга қаранг, қандай хатоларга йўл қўйяпмиз. Индивидуал хатолар сабаб голлар бўляпти. Тўғри, олдинда яхши ҳаракат қиляпмиз. Шунга кўра ҳимоя ҳам яхши ҳаракат қилиши керак. Бизда марказий ярим ҳимояда барча қора ишни қила оладиган футболчининг йўқлиги ҳам билиняпти.


Манба: championat.asia