

Мусобақа ўтказиладиган сана 24 март – 10 апрелга белгиланган.
Ушбу мусобақа учун қитъамизда саралаш баҳсларига старт берилди. Маълумот учун, 31 август – 6 сентябрь оралиғида ўтказиладиган саралаш учрашувларида 31та жамоа (аслида 32та эди, лекин Филиппин қатнашмайдиган бўлди) 15та йўлланма учун кураш олиб боради.
Саралаш формати
U-20 Осиё чемпионати саралаш босқичида жамоалар рейтингдаги ҳолатига кўра, Саралаш босқичи ва Ривожланиш босқичига бўлинади. Саралаш босқичида 31 жамоа 8 гуруҳга бўлинган. Гуруҳ ғолиблари ва 7та энг яхши иккинчи ўрин эгалари мусобақанинг финал босқичга йўлланма олади. Ривожланиш босқичида эса қуйи рейтингли 12та жамоа 4тадан уч гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа 2029 йилги саралаш ўйинлари йўлланмасига эга бўлади.

Гуруҳлар ва мезбонлар
Биз учун кўпроқ мусобақанинг бевосита саралаш босқичи муҳим бўлгани учун гуруҳлар ва мезбонларга тўхталиб ўтамиз.
A гуруҳи - Жанубий Корея, Қирғизистон (мезбон), Ливан.
B гуруҳи - Ўзбекистон (мезбон), Сурия, Ҳиндистон, Бангладеш.
C гуруҳи - Эрон, Вьетнам (мезбон), КХДР, Фаластин.
D гуруҳи - Иордания, Тожикистон, Баҳрайн (мезбон), Афғонистон.
E гуруҳи - Саудия Арабистони, Қатар (мезбон), Уммон, Гонконг.
F гуруҳи - Ироқ, Таиланд (мезбон), БАА, Туркманистон.
G гуруҳи - Япония, Яман, Камбоджа (мезбон), Кувайт.
H гуруҳи - Австралия, Индонезия, Малайзия, Лаос (мезбон).
Шундай қилиб саралаш ўйинларига 8та давлат мезбонлик қилмоқда: Қирғизистон, Ўзбекистон, Вьетнам, Баҳрайн, Қатар, Таиланд, Камбоджа ва Лаос.
1-тур натижалари
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси кеча саралашдаги илк ўйинини Бангладешга қарши ўтказиб 2:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу баҳсда Куанишбек Сайдалиев ва Қувончбек Абраев томонидан киритилган гол вакилларимизга илк уч очкони тақдим этди. Қуйида барча гуруҳларда қайд этилган натижаларни келтириб ўтамиз.
Ливан - Жанубий Корея 2:3
Сурия - Ҳиндистон 0:1
Ўзбекистон - Бангладеш 2:0
Эрон - Фаластин 2:1
Вьетнам - КХДР 0:3
Иордания - Афғонистон 1:0
Тожикистон - Баҳрайн 2:3
Саудия Арабистони - Гонконг 2:0
Қатар - Уммон 1:2
Ироқ - Туркманистон 1:2
Таиланд - БАА 1:0
Япония - Қувайт 4:0
Яман - Камбоджа 1:2
Индонезия - Малайзия 0:0
Австралия - Лаос 2:0

Ўзбекистон U-20 қачон ўйнайди?
Саралаш баҳсларида иштирок этаётган U-20 терма жамоамиз 2-турни 3 сентябрь куни Ҳиндистон ҳамда 3-турни 6 сентябрь куни Сурияга қарши ўтказади. Ҳар иккала баҳс соат 19:00га қўйилган бўлиб, "Дўстлик" стадионида бўлиб ўтади. Ушбу терма жамоага Жамолиддин Раҳматуллаев бош мураббийлик қилаётганидан хабарингиз бор.

U-20 Осиё чемпионатида нечта жамоа қатнашади?
Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан фарқли ўлароқ ушбу мусобақа ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. 2027 йил Хитой мезбонлик қиладиган U-20 Осиё чемпионатида 16та жамоа қатнашади. Яна 15та жамоа номи айнан саралашдан сўнг маълум бўлади. Хитойдаги мусобақа ўз навбатида U-20 Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ўйналади ҳамда ФИФА томонидан Осиёга 4та йўлланма берилган. Демак, ярим финалга чиққан жамоалар ўз навбатида ЖЧ иштирокчисига айланадилар.
Хабарингиз бор, навбатдаги U-20 Жаҳон чемпионатига 2027 йил Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қилади. Бу дегани Ўзбекистон Осиё чемпионатига чиқиб қандай натижа кўрсатмасин, барибир мезбон сифатида кичик мундиалда ўйнайди. Лекин бизга маълум бўлишича, ЎФА раҳбарияти томонидан бу жамоа олдига Осиё чемпиони бўлиш вазифаси қўйилган. Жаҳон чемпионати келаси йилнинг куз ойларида бўлиб ўтиши яқинда маълум қилинди.



