“Ал Насср" янги эгасига эга бўлиши мумкин

Sherzod Nurmatov
22 окт 2026, 11:34
"Ал Насср" Саудия Арабистони футболи тарихидаги энг катта ўзгаришлар юз берадиган клубга айланиши мумкин.

Semafor маълумотларига кўра, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) "Ал Насср"нинг тахминан 800 миллион риал (ёки 213 миллион доллар) миқдоридаги қарзини ёпиш устида ишламоқда. Ушбу режа жамғарма портфелидаги компаниялар билан тузиладиган ҳомийлик келишувларини ўз ичига олади ва эҳтимолий сотув олдидан клуб балансини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳисоботда айтилишича, "RedBird Capital Partners" ва унинг ҳамкорлари "Ал Насср"нинг 70% акциясини сотиб олиш масаласида PIF билан камида икки марта учрашув ўтказишга улгурган. Потенциал инвесторлар ушбу улуш учун тахминан 1 миллиард риал тўлашлари мумкин, бу эса қарийб 267 миллион долларга тенг.

Бироқ музокаралар ҳозирча дастлабки босқичда. Жамғармага яқин манба "RedBird"нинг қизиқишини ҳозирча дастлабки деб атади: якуний шартлар ҳали келишилмаган ва битим амалга ошишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Криштиану Роналду эса шунчаки жамоанинг асосий юлдузи бўлиб қолмаслиги мумкин. Агар келишув муваффақиятли якунланса, португалиялик ҳужумчи "Ал Насср"нинг 20% акциясига эга бўлиши кутилмоқда. Инвесторлар орасида "Saudi Media Company" компанияси ҳам тилга олинган, бироқ якуний мулкчилик тузилмаси ҳали ўзгариши мумкин.

"RedBird" "Милан" клуби эгаси сифатида Европа футболида аллақачон катта нуфузга эга. Таъкидлаш жоизки, "Ал Насср" Саудия Арабистони Про лигасининг расмий маълумотларига кўра, 8 та ўйиндан сўнг 6 та ғалаба билан мусобақа жадвалида учинчи ўринда бормоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Semafor

Сўнгги янгиликлар

Барча ›