

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи навбатда жамоамизни ва мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Ҳар бир ғалабада мухлисларнинг хизмати катта, шу боис алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ўйинга келадиган бўлсак, қийин баҳсни ўтказдик. Хатолар бўлди, кераксиз жойда тўп ўтказиб юбордик. Аммо тезда ўзимизга келиб ғалабани қўлга киритдик. Энди кичик таътилга чиқамиз ва шундан сўнг яна тайёргарликни давом эттирамиз.
- Ўтказиб юборилган голларда дарвозабон хатоси борми?
- Ўйин пайти хатолар бўлиб туради. Лекин имкон қадар хатога йўл қўймаслик керак. Майдондаги ўйинчилар ҳам хато қилади. Бугун Ўткир яхшироқ ҳаракат қилса бўларди. Барча голлар биринчи бўлимда киритилди. Ўйлашимча, иккинчи тайм ҳам қизиқ кечди. Айниқса Ҳусайн Норчаев ҳал қилиши керак эди.
- Иккинчи дарвозабон Шукурон Йўлдошевга имкон берса бўладими?
- Бўлади. Кўряпсиз, ҳар бир учрашув биз учун финалга тенг бўляпти, ҳар бир ўйин қийин ўтяпти. Анчадан бери турмаган дарвозабонни ҳозир синаб кўриш нима беришини билмаймиз. Лекин Шукуроннинг вақти келади. Биз учун ҳар бир ўйинчимиз фойдали.

- “Навбаҳор” турнир жадвалига юқорига кўтарилиб олди ва Кубокда кейинги босқичга чиқди. Буёғига мақсадлар қандай бўлади?
- Вазиятга реал қараймиз. Буни раҳбарларимиз ҳам тушуниб турибди. Барибир ҳар бир ўйинга ғалабани кўзлаб чиқамиз. Ютқазишни ҳеч ким ёқтирмайди. Ҳаммаси насибага боғлиқ. Асосийси ўз очколаримизни йўқотмаслигимиз керак.
- Жоэль Кожо захирада қолиб кетяпти. Бу нима билан боғлиқ?
- Кожо келганидан сўнг жароҳатдан соғайиб энди қайтди. У тикланиш жараёнини бошдан кечирди ва секин-аста имкониятга эга бўляпти. Ўтган ўйинда ва ундан олдинги баҳсда майдонга тушди. Бизда вариантлар бор. Норчаев бор, бошқаси бор. Ким тайёр бўлса шу асосий таркибда тушади. Аслини олганда бизда асосий таркиб деган нарса йўқ. Ҳар бир футболчи ўзини асосий таркиб ўйинчиси деб билишини хоҳлайман. Бугун Шоҳруҳ иккита гол урди. Жамоамиздаги ҳамма жамоа учун борини беришга тайёр.
- Шоҳруҳ Абдураҳмоновни ҳужумга қўйишингиз сабаби нимада?
- Ҳусайн Норчаевнинг белида оғриқ бўлгани учун Шоҳруҳни ҳужумда синаб кўрдик. У олдин ҳам Кубок учрашувида ҳужумда ҳаракат қилганди. Ўзини яхши ҳис қиляпти. Менимча, бугунги ўйиндаги ҳаракатлари кўп ҳужумчиларга ўрнак бўлса керак. Мен учун асосийси кимнинг қанчалик тайёр эканлиги.
- Чемпионлик яқин деб ҳис қиляпсизми? Чунки жаҳон чемпионатидан кейин "Нефтчи" ҳам, "Пахтакор" ҳам бир нечта очколарни бой берди.
- Реал олиб қарасак, "Нефтчий ва "Пахтакор"нинг таркиби анча кучли. Улар яна очко йўқотадими, билмайман. Биз эса ўз ўйинимизни ўйлашимиз керак.
- Ўзбекистон Кубоги қуръасига муносабатингиз?
- Чорак финалда Пролига жамоаси "Ғазалкент" билан ўйнаймиз. Ғазалкент яхши ёш жамоа, шиддатли ўйин кўрсатяпти. Жамоа Пролигада қатнашаётгани билан профессионал клублардан бири дея оламан. Машғулотлар жараёни, тикланиш, овқатланиш, тиббиёт - ҳар томонлама яхши. Биз ҳар бир ўйинга ва рақибга жиддий қараймиз.
- Негадир футболчи алмаштиришни кеч 80-дақиқадан кейин амалга оширяпсиз?
- Футболчи алмаштиришдан мақсад ўйинни кучайтириш. Агар майдондагилар яхши ҳаракат қилиб турган бўлса, алмаштиришдан фойда йўқ деб ўйлайман. Захирадан тушган ўйинчи доим ҳам баҳсга киришиб кета олмайди. Буниям инобатга олиш керак.
- Муҳаммадали Усмонов иккита ўйиндан бери майдонга тушмаяпти. Бунинг сабаби нимада?
- Ўтган ўйин тушди. "Локомотив"га қарши бошланғич таркибда тушганди ва кўп хатолар қилди. Унинг яхши даражадаги футболчи эканини биламиз. Фақат озгина пасайиш кетди.



