Тимур Кападзе: "80% таркибимиз янги. Майдондаги ўйин PlayStation эмас, фақат бир жамоа устунлик қиладиган"

Абдулвосит Бектемиров
4 апр 2026
Суперлига 5-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Машъал" (2:1) учрашувидан сўнг наманганликлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин бўлди. ФИФА кунлари давомида яхши тайёргарлик олиб борган эдик. Олдинда қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. "Машъал"нинг вазиятини тушуниб турибмиз. Шу сабаб бундай ўйин намойиш этдик. Биринчи бўлимда айниқса. "Машъал" иккинчи бўлимда катта куч билан олдинга борди. Шунда ҳам вазиятларимиз бор эди ва фақатгина гол уриш талаб этиларди. Энди кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Олдимизда "Андижон"га қарши ўйин кутиб турибди", - деди Тимур Кападзе баҳс якунлангач.

- Эндигина бешта тур ортда қолганига қарамай кўплаб футболчилар "лазарет"га тушиб қолишди. Олдинда ҳали "Boxing day" бор. Жароҳатланганларнинг сони кўплигидан хавотирдамисиз?

- Хавотирдамиз. Ҳар бир футболчи биз учун йўқотиш. Кимдир қайтади, кимдир яна даволанади. Бор ресурс билан олдинга ҳаракат қиляпмиз. Жароҳатлар футболнинг бир қисми. Барча тезроқ тузалиб, сафга қайтишини истаймиз. Бу ҳақда кўп гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бундай ҳолатлар мураббий учун бош оғриқ.

- Қишда трансфер қилиниб, пул тўланиб сотиб олинган Ваня Илич дастлабки икки ўйинда асосий таркибда эди. "Бухоро"га қарши ўйиндан сўнг эса асосий таркибдан тушиб қолди. Дастлаб у қанотда ўйнади, бугун эса ҳужумчи ортида ҳаракатланди. Иличнинг ўйинидан кўнглингиз тўляптими? Бразилиялик Алекс Фернандес эса дастлабки ўйинларда захирада қолиб кетди, аммо "Пахтакор" ва "Қўқон-1912"га қарши баҳсларда асосий таркибда тушиб, гол ва ассист қайд этди. Шунингдек, Муҳаммадали Усмонов мавсум бошида захирада қолиб кетаётган эди. Бироқ "Пахтакор"га қарши ўйинда асосий таркибда тушиб, яхши ўйин кўрсатди. Кейин "Қўқон-1912" билан яна захирада қолиб кетди. Бугун эса ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан майдонда бошлаб, гол урди. Ҳужумда кўп ротация қилишингизга нима сабаб бўлмоқда? Ушбу футболчилар намойиш этаётган ўйиндан қанчалик қониқяпсиз?

- Биз янги жамоамиз. Буни тушунишингиз керак. Биз ҳар бир футболчини кузатиб боряпмиз. Машғулотларда кўрамиз, ким ўзини қандай тутяпти. Ротация қилиш имконияти борлигидан хурсандмиз. Барча футболчилар асосий таркибда ўйнашга муносиб. Кимгадур вақт керак. Ваня "Динамо"га қарши яхши ўйнади. "Бухоро"га қарши эса ўйини чиқмади. Шу сабаб бошқа футболчиларни майдонга туширдим. Улар эса ўзини яхши кўрсатди. Шу сабабли ротация қилиб боряпман. Ҳозирча барқарорлик йўқ. Мураббийлар штаби билан барчани кузатиб боряпмиз. Ким қандай характерли, қандай ечим топса бўлади. Ҳужумдаги футболчиларимиз кўп ва ҳар бирига имконият бериб кўришимиз керак. Муҳаммадали Ғиёсов жароҳатланган. У сафга қайтса ҳали кўп ёрдам беради. Барчаси янги жамоа бўлганимиз учун содир бўляпти. Жамоа бир тонусга тушиб олса, кимдир асосийда ўйинни бошлаб, қолганлар эса иккинчи бўлимда майдонга тушиб ўйинни кучайтирадиган бўлади. Мен учун майдондаги кўрсатмаларни тўғри бажаришса бўлди. Жамоа фойдасига ҳаракат қилиши асосий мезон. Камчиликлар эса ҳар ўйинда бор. Камчиликлар устида ишласак, жамоа ўйиндан ўйинга ўсиб боради. Жароҳатлар ҳам ўзига яраша таъсир қилмоқда.

- Ҳужумчиларни ўйин давомида алмаштириш осон. Марказий ҳимоячилар билан ротация қилиш эса бироз хавфлироқ. Бугун Чичинадзе ўйнамади, аммо аввалги тўртта учрашувнинг барчасида тўлиқ ҳаракатланган эди. Гиорги Жереная бугун ўйнади, аммо "Қўқон-1912"га қарши баҳсни ўтказиб юборганди. Исломбек Маматказин эса бугун ва "Қўқон-1912"га қарши ўйнади. Унга қадар эса ўйинларда иштирок этмаганди. Дилшод Комилов фақатгина "Динамо"га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида майдонда туширилди ва шундан сўнг майдонга қайтмади. Жамоада кимлар асосий марказий ҳимоячи?

- Дилшод Комиловнинг жароҳати бор. У эндигина жамоа машғулотларига қўшилмоқда ва ҳозирча индивидуал тарзда машғулот олиб бормоқда. "Пахтакор"дан кейин эса уч нафар футболчимиз жароҳатланди. Кати Катулонди, Гиорги Жереная ва Саидазамат Мирсаидов. "Қўқон-1912"га қарши ўйиндан кейин эса Анри Чичинадзе сафдан чиқди. Биз учун яна бир синов. Шу орқали бошқа футболчиларга имконият берамиз. Айтяпман-ку, жамоа ҳали янги. Барчаси оптимал даражага келиб олгунча вақт талаб этилади. Барча жамоаларда ҳолат шундай. Захира ўриндиғи қанчалик кучли бўлса, жамоа шунчалик яхши деб бекорга айтишмайди. Чемпионат энди бошланди. Олдинда ўйинлар кўп. Энг муҳим ўйинлар иккинчи даврада кутиб турибди. Энг асосийси ҳар бир ўйинда максимал тарзда ҳаракат қилиб, кўпроқ очко тўплашга ҳаракат қилишимиз керак.

- "Навбаҳор"га барқарорлик етишмаётгандек. "Бухоро"дан енгилиб, "Пахтакор" рақибга ҳеч қандай имконият бермай ютуққа эришилди. "Қўқон-1912"га мағлуб бўлиб, бугун "Машъал" устидан ғалаба қозонилди. Бундай натижаларга ва барқарорлик йўқлигига нима сабаб бўлмоқда?

Айтганимдек, биз янги жамоамиз. Бир футболчига имконият беряпмиз. У ўзини яхши кўрсатмоқда ва кейинги ўйинда кутилганидек ўйнамаяпти. Шунинг учун ротация қилиб боряпмиз. Жамоа ҳали шаклланиб бормоқда. "Бухоро" билан ўйинда мағлубиятга лойиқ эмас эдик. Ўйин бўйича энг камида дуранг қайд этилиши керак эди. Аслида дуранг ҳам бизни қониқтирмайди. Битта стандарт вазият ва рақиб гол урди. Икки тайм давомида ҳам рақибга босим қилгандик. Қўқонда эса умуман бошқача ҳолат бўлди. 1:0 ҳисобида олдинда эдик. Пенальтига тортадиган баҳсли вазият бўлди, аммо ҳакам ўйинни тўхтатмади. Биз жавоб ҳужумида гол урдик ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Шундан сўнг биз урган гол бекор бўлди ва дарвозамизга 11 метрлик зарба белгиланди. 2:0 ҳисобида ютиб турган вазиятда, рақиб пенальтидан гол урди ва ҳисоб тенглашиб кетди. Рақиб ҳиссиётларга берилиб, яна олдинга ўта бошлади. Шундай қийинчиликларга дуч келяпмиз, лекин барчаси вақтинчалик. Ҳар бир муаммони таҳлил қилиб чиқяпмиз. Қаерда, қандай хато қилдик, барчасини ўрганиб чиқмоқдамиз. Кейинги сафар яна шундай ҳолатга тушсак, футболчилар тўғри реакция билдиради. Буларнинг барчасига сабаб янги таркиб йиғилган. 80% таркибимиз янги. Туркиядаги йиғинларни ҳам тўлиқ таркибимиз билан ўтказа олмадик. Январда МТЖ йиғин ўтказди ва бир нечта футболчиларимиз жамоа билан бирга эмас эди. Ундан кейин эса 2-3та легионеримиз сафимизга кеч қўшилди. Мана шундай ўйинлар орқали футболчиларни кўриб боряпмиз. Ўйиндан ўйинга барчаси ойдинлашиб бормоқда. Назаримда, турдан турга ўйинимиз яхшиланиб бормоқда. Шу орқали ўзимиз истаётган мукаммал ўйинни топамиз.

kapadzee.JPG

- Жамоага гол керак бўлганда умуман бошқача футбол кўряпмиз. Таблодаги ҳисоб жамоани қониқтираётган паллада эса ўйин сустлашиб қоляпти ва устунлик рақиб томонга ўтмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Бу инсонга хос ҳолат. Ҳисоб бизга керакли вақти хотиржамликка берилади. Яна гол уриб оламиз, деган хаёллар бўлади. Айниқса 2:0 ҳисоби шундай. Иккинчи бўлимда ўйинимизда узилишлар бўлди. Аслида яна гол уришимиз керак эди. Танаффусдан сўнг "Машъал" "Вабанк"га қўл урди. Кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтиб, ҳаводан тўп узатишни бошлади. Эпизодларни ютиб чиқиб, битта гол ҳам уриб олишди. Биз қарши ҳужумда яна гол уришимиз керак эди. Ўзи ҳар бир ўйинда имкониятларимиз бўлмоқда. Улардан фойдаланишимиз керак. Ҳимояда камчиликлар бор. Асосий икки ҳимоячимиз жароҳатда. Камчиликлар йўқ эмас. Ҳар бир баҳс бизга ўсиш учун пойдевор бўлмоқда. Қаерда камчилигимиз борлигини билиб оляпмиз. Футболда пасайиш ва ўсиш тез-тез кузатилиб туради. Сиз айтганингиздек, жамоа 90 дақиқа бир хил ўйин намойиш этиши керак. Рақиб жамоа борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Майдондаги ўйин Playstation эмас, фақат бир жамоа устунлик қиладиган. Иккинчи таймда айрим футболчиларимизнинг томири тортишиб қолди. ФИФА кунлари туфайли ўйинлар орасидаги пауза катта бўлгани учун шундай бўлди. Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинга қўшилиб кета олди. Биринчи бўлимда яхши ўйнагандик. Бугун ғалабани қийналмасдан қўлга киритдик дея оламан.Тўғри, иккинчи бўлимда кичик эпизодларга асабийлашдик.

- "Машъал" дастлабки бешта турда 12та сариқ карточка ва 2та қизил карточка билан жазоланган экан. Бутун ўйин давомида "Машъал" футболчилари қўпол ўйин намойиш этгандек таассурот уйғонди. Айниқса бир нечта қоидабузарликлардан сўнг "Навбаҳор" футболчилари жиддий жароҳат олиши мумкин эди. "Машъал" шундай ўйин намойиш этишидан хабардормидингиз?

- Рақиб ўйинларини кўриб чиққанман. "Локомотив" ва "Андижон"га қарши ўйинларда қизил карточка олди. Жамоа қўпол ўйин намойиш этиши биринчи навбатда жамоанинг зарарига ишлайди. Ҳар бир огоҳлантириш ва четлатиш футболчининг кейинги ўйинни ўтказиб юборишига олиб келади. Бу "Машъал"нинг муаммоси. Айрим вазиятларда ҳакам қаттиққўллик қилиши мумкин эди. Умуман олганда, бугун ҳакамлар ўйинни яхши бошқарди.

- Кетма-кет бир неча йилдан буён клуб ва терма жамоаларда ишлаб келдингиз. Дастлаб, ОТЖ ва "Олимпик". Кейин эса миллий терма жамоа. Бир неча йилдан буён сизда умуман дам олиш имконияти бўлмаганди. Март ойидаги ФИФА кунларини эса биринчи маротаба фақат клуб бош мураббийи сифатида ўтказдингиз. Клуб ҳамда терма жамоани бошқариш билан фақат клубда ишлаш фарқи қандай экан? Балки бу сафар кўпроқ дам олгандирсиз ёки клуб ҳеч қачон иш тўхтамайди деган ибора тўғри эканми?

- Клубда ҳеч қачон иш тўхтамайди. ФИФА кунларида жамоа тайёргарлик кўриб, назорат ўйинларида иштирок этди. Айрим кунлари бир маҳал, бошқа кунлари эса икки маҳал машғулот олиб бордик. Мураббийлар ўзи дам олмас экан. Мавсум тугаса, кейинги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз. Бу бизнинг ишимиз. Ишимизни яхши кўрамиз. Клубда ишлаш ҳар куни ҳаракатда бўлиш дегани. Қаердадир ўзгариш қиласан, синаб кўрасан ва натижани кутасан. Бош оғриқлари кўп. Ҳар бир рақибга қарши ҳар хил ўйнаш керак. Бир жамоага қарши прессинг билан, бошқасига қарши бошқача. Буларнинг барчаси мен учун қизиқ. Ҳар бир рақиб ҳар хил ўйнайди. Жамоани ҳар бир рақибга қарши тайёрлаб бориш ва бошқа жиҳатлар. Ушбу жараён мени ва жамоани ҳам ўстирмоқда. Ютишимиз керак, схемани ўзгартиряпман. Мураббийлар штаби билан тўлиқ ишлаб боряпмиз. Энг асосий мақсадимиз мухлисларимизни хурсанд қилиш.

- Забиҳилло Ўринбоевнинг ҳолати ҳақида нималар дея оласиз?

- Тез ёрдам машинаси уни олиб кетди. Ҳолати яхши дейишди. МРТ орқали қанчалик жиддий жароҳат олганини билиб оламиз.

- Олдинда 7та тур учрашувлари бор ва учрашувларнинг ораси яқин бўлиб қолди. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Бу фақатгина биз учун эмас-ку. Барча жамоалар учун шундай тақвим тузилган. Ҳаракат қиламиз. Олдимизда "Андижон"га қарши "водий дерби"си бор. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Энг аввало кейинги ўйинга тайёргарлик кўриб, уч очкони қўлга киритишимиз керак. Ҳар бир ўйинга максимал ёндашув билан чиқишимиз талаб этилади.

- "Навбаҳор"дан МТЖга фақатгина Ўткир Юсупов чақирилди. Бошқа футболчилар бу сафар таркибдан тушиб қолди. Ушбу ҳолатга изоҳ бериб ўтсангиз...

- Руслан Жиянов ва Қўвондик Рўзиев рўйхатда бор эди, менимча. МТЖ таркибига фақатгина 23 нафар футболчи кира олади. Танлов бўлса катта. МТЖ мураббийлар штаби барчани кузатиб, ўзига керакли футболчиларни чақиришган. Уларда ҳам ротация қилиш имкониятлари бор. Ҳар бир футболчи максимал тарзда ҳаракат қилиб, МТЖдан чақирув олишга интилиши керак. МТЖ мураббийлар штабига ҳам осон эмас. Танлов кўп, аммо барчани чақириб бўлмайди. Мен ҳам буларни ўз бошимдан кечирганман. Уни чақирайми ё буни чақирайми деб ўтирасан. Нафақат Руслан Жиянов, балки номзодлар ҳам бор эди. Бу бош мураббийнинг қарори. Бугунги кунда энг муносиб футболчиларни чақирди. Балки қайсидир футболчини кўриб олмоқчи бўлгандир. Жияновни таниши мумкин ва шу сабабли янги футболчини чақириб, унга имконият бериб кўришни ўйлагандир. Ҳар бир футболчи ўзини яхши кўрсатса, мураббийлар штабининг назарига тушади.

kapadze.jpg


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: championat.asia