

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун ғалати нарсалар кўп бўлди, ҳаво ғалати бўлди, маълум муддат стадионда чироқ ўчиб қолди. Энди ўйинга келадиган бўлсак, рақиб нисбатан ёш таркиби билан ўйнади. Ёшларни ўйнатиш мураббий учун ҳам яхши, ёшлар кўп нарсани исботлашга ҳаракат қилади, мураббий эса уларни кўриб олади. Учрашув ўзига яраша кечди, биз учун дуранг натижа ҳам кифоя қиларди. Ўз вазиятларимиздан фойдаланиб ғалаба қозондик. Футболда доим ҳам вазиятлардан фойдалана олмайсан. Қайсидир ўйинда битта вазият бўлади, қайсидир баҳсда уч-тўртта вазият бўлади. Жамоамиз ютганидан ва кейинги босқичга чиққанидан хурсандмиз. Футболчиларга мотивация бериш осонмас. Ҳар бир футболчи профессионал бўлиши керак.
- "Сурхон"нинг захирадан тушган ёш футболчилари ҳақида фикрингиз?
- Имкон қадар ёшларга имкон беряпмиз, улар яхши ҳаракат қилса бизни ҳам қувонтиради. Таркибда ротация бўлиши учун ёшларга имкон берган яхши. Ёшлардан кўп нарса кутяпмиз, лекин бунга вақт керак. Сафимизда ёшлар кўп, улар келажакда кучлироқ ўйин кўрсатади деб ўйлайман. Ҳали қиладиган ишимиз кўп. Ёзги танаффусдан кейин янада кучлироқ жамоага айланамиз.
- Дуранг ҳам қониқтирарди дедингиз, лекин иккинчи бўлимда Чинеду майдонга тушди ва жамоангиз ҳужумлари сони ортди.
- Чинеду яхши футболчи ва бизга жуда керак. Мен жамоамиздаги ҳар бир футболчига ишонаман. Бизнинг ишимиз фуnболчиларни янада кучли қилиб тарбиялаш. Чинеду тушгач ўзимизга бўлган ишонч ортди. Кўпроқ вазият яратишга ҳаракат қилдик.
- "Сурхон"ни бир нечта ўйинчилар тарк этганини эшитдик. Бу молиявий ҳолат туфайли юз бердими ёки бошқа сабаби борми?
- Буям жуда катта мавзу. Нима учун кетганини футболчиларнинг ўзидан сўраган маъқул. Муаммолар бор эди ва секин-аста бартараф этиляпти. Ўйлашимча, ҳозир ҳамма клубларда муаммо бор. Бу янгилик бўлмай қолди. Биз ҳеч кимни жамоадан ҳайдаганимиз йўқ, икки нафар ўйинчимиз шу қарорга келди ва ўз хоҳишлари билан кетишди.
- Сизнингча, терма жамоага таклиф этилган Беҳруз Каримов Жаҳон чемпионатида асосий таркибда ўйнайдими?
- Беҳруз рақобат юзага келтира олади деб ўйлайман. Балки биринчи ўйиндаёқ майдонга тушмас, лекин умид қилиб қоламиз. Беҳруз Каримов профессионал футболчи, у терма жамоага тезда киришиб кетади деб ўйлайман. Мундиалда терма жамоамизга омад тилаб қоламиз. Биз ҳаммамиз Ўзбекистон мухлисларимиз.
- Яқинда ёзги трансфер ойнаси очилади. "Сурхон" янги футболчиларни таклиф этадими?
- Ўринбосарлар таркибимизда ҳам яхши ўйинчилар бор. Агар жамоамизга ёрдам бераман деган футболчи келса буни албатта кўриб чиқамиз. Барибир кўп нарса молиявий томонга боғлиқ.



