Терма жамоанинг олтин қоидаси: майдонда обрў-эътибор эмас, ҳозирги куч ўйнайди

Xayrulla Xoliqov
12 окт 2026, 15:24
Шу йилнинг сентярь-октябрь ойларига белгиланган навбатдаги ФИФА кунлари ҳам ортда қолди. Ушбу ФИФА кунларида иккита воқелик диққат-эътиборимизни тортди.

Биринчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидан сўнг илк бор йиғилиб, учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Иккинчиси, Криштиану Роналдунинг аразлаб терма жамоадан кетиб қолиши бўлди. Роналду ва Португалия терма жамоаси атрофидаги гап-сўзлар ҳали бери тинмаса керак. Футбол аҳли, футболчининг яқинлари ва бошқалар ушбу ҳолатга турлича муносабат билдиришмоқда.

Воқеа кўпчиликка маълум эрса-да, нима бўлганига тез кўз югуртириб чиқамиз. Португалия терма жамоаси ушбу ФИФА кунларида Миллатлар Лигасининг 4 та ўйинини ўтказиб, барчасида ғалаба қозонди.

24 сентябрь. Португалия – Уэльс 1:0. Янги бош мураббий Жорже Жезус Роналдуни асосий таркибда туширди ва 67-дақиқада алмаштирди.

27 сентябрь. Норвегия – Португалия 1:2. Криштиану захирада қолди ва иккинчи таймда мураббий майонга туширса керак деб ўйладик. Лекин мураббий уни ўйнатмади, шу куни бошқа футболчилар захирадан тушишди.

Ҳаммаси шундан кейин бошланди. "Криш" мураббийдан қаттиқ хафа бўлиб терма жамоа лагерини тарк этди.

1 октябрь. Дания – Португалия 2:4. Терма жамоа узоқ вақтдан бери биринчи марта Роналдусиз ҳаракат қилди, сафарда Дания дарвозасига тўртта гол урди. Бу ҳам майли, Роналдунинг 7-рақамли либоси шу ўйиндан аввал Рафаэль Леаога топширилди, Рафа ўйинни 7-рақамда ўтказди. Леао бунгача 17-рақамда тўп тепаётганди. 17-рақам эса Фабио Сильвага тақдим этилди.

4 октябрь. Португалия – Норвегия 2:1. Ронулдусиз кечган охирги ўйин. Яна португаллар ғалабаси. Шундай қилиб Миллатлар Лигасининг тўрт ўйинида тўртта ғалаба қўлга киритилди.

Роналдунинг мураббийдан аразлаб кетиб қолганини тушунса бўлади. У терма жамоага ёрдам беришни истаганди, голлари сони ҳам 1000 тага етай деб қолди. У ўзининг мингинчи голини терма жамоа либосида уриш нияти борлигини ёзишди.

Роналду шубҳасиз жаҳон футболида катта шахс. У билан боғлиқ ҳар қандай воқеа тез тарқалади, ОАВ ёритишга ўтади, мухлислар реакцияси кучаяди. Криштиану терма жамоадан кетгач, Португалиянинг Инстаграмдаги ўқувчилари 2 миллионга камайди. Бу рақамлар даҳшат. Жуда катта рақам.

Лекин Жорже Жезус нима қилди? Терма жамоа манфаатини устун қўйди. У Роналдуни майдонга тушириш-туширмасликни эмас, натижани ўйлади, ғалабани ўйлади. У билан "Криш" ўртасида аввалдан келишмовчилик бормиди? Йўқ. Чунки "Криш" эмасми, унинг "Ал Насср"га бош мураббий бўлишида яхшигина роль ўйнаган. Бу мураббий "Ал Ҳилол"ни бошқараётганди, лекин Элит Осиё чемпионлар лигасида чемпион бўла олмагач, клубдан кетди ва "Ал Насср" бошқарувига келди. Айнан унинг қўл остида Роналду ўтган мавсум Саудия чемпионлигини қўлга киритди.

Улар бамисоли ота-ўғилдек эдилар. Эҳтимол Жезушнинг Португалия терма жамоаси бош мураббийи бўлишига ҳам Роналдунинг ҳиссаси бордир. Чунки 72 ёшли мураббийни ҳозир кўп федерациялар терма жамоага бош қилмайди.

Роналду унга ўйин амалиёти берилмай кетиб қолганидан кейин мураббийнинг бу борадаги баёноти кескин бўлди: "Мен ҳеч кимга ваъда бермаганман ва кимни ўйнатишни ўзим ҳал қиламан ва ҳеч кимга бу мавзуда тушунтириш беришга мажбур эмасман".

Шундай қилиб мураббий ва футболчи ўртасида зиддият пайдо бўлди. Роналду ўз шахсий самолётида аввалига Испанияга йўл олди, кейин "Ал Насср" машғулотларида иштирок этиш учун Саудияга учди. Ва эндиликда бугун бўладиган "Нефтчи" билан Элит ОЧЛ ўйинига ҳозирлик кўрмоқда.

Фикримча, Роналду ҳар қанча катта шахс бўлмасин, терма жамоа манфаати ва миллат ғурури анча баланд туради. Унинг футбол учун қилган хизматларига асло кўз юма олмаймиз. Унинг футболдан қарзи қолмади, балки футбол ундан қарздор бўлиб қолди. Айнан "Криш" сабаб дунёда қанчадан қанча болакайлар футболга ошно бўлди. Унга ўхшасин деб фарзандини футболга берганлар қанча.

Лекин кўряпмизки, футбол шафқатсиз. Вақтни ҳеч нарса билан енгиб бўлмайди. Вақт доим ҳаммасидан устун келади. Португалия терма жамоасида Роналдудан аввал ҳам бир қанча юлдузлар ўйнаб кетган, пайти келганда кимдир ўзи кетган, кимдир хафа бўлган, кимдир бошқа сабаб билан кетиб қолган. Бу ҳолат ҳар бир терма жамоада содир бўлиши мумкин.

Ўзбекистон терма жамоасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлмаган дейсизми? Тарихда мураббийдан хафа бўлганлар ўнларча топилади. Лекин футболнинг ёзилмаган қонуни шу: ким тайёр бўлса шу ўйнайди, мураббий ўзига душман эмас, у ҳам терма жамоа ютуғини ўйлайди. Футболчилар эса бамисоли аскар, мураббий - қўмондон. Аскар қўмондоннинг буйруғини бажариши шарт.

Эътиборлиси, "Криш" терма жамоа базасини тарк этганидан сўнг жамоадошлари бу ҳолатни жим қолдиришди. Кимки унинг ёнини олган тақдирда ўзини Жезуш қаршисида кўриши мумкин эди. Чунки ҳеч бир ўйинчи муаммоларга ўралашиб қолишни истамайди, ҳаммага тинчлик керак. Футболчи учун муҳими майдонга тушса бўлгани.

Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишида катта ҳисса қўшган футболчиларни Фабио Каннаваро эътиборсиз қолдирди, ким хизмат қилган бўлса мундиалга олиб кетди ва бу билан футболчилар олдида бирданига ёмонотлиқ бўлиб қолишни истамади. У бежизга Жаҳон чемпионатидан "роҳат олинглар" демади. Мураббий бу билан сизлар энг аввало ҳақлисизлар, лекин Осиё Кубогида терма жамоада бўласизми-йўқми, буёғи энди масала демоқчи бўлди.

Чунки Каннаваро ҳам билади: терма жамоа манфаати ҳар нарсадан устун. Мундиалда ҳамма ўйинларни ютқазган бўлсак-да, янги мураббий буни хотиржам қабул қилди. У асосий эътибор Осиё чемпионатига қаратилишини бир неча бор таъкидлади. Мана энди яқинда кўрдикки, терма жамоа таркиби анча ўзгарган. Бир қатор ёшлар жалб қилинди. Аввало кимни чақиришни мураббийнинг ўзи ҳал қилади, чунки эртага Осиё Кубогидаги натижага у жавоб беради.

Каннаваро таркиби ноябрь ойидаги йиғинда қанчалик ўзгаради билмаймиз, фақат шуниси аниқки, ким ҳозирги кунда кучли бўлса шуни чақирса керак. Бу билан айтмоқчи бўлганимиз, обрў-эътибор ва совринлар майдонда ўйнайдиган давр ўтди, эндиликда мураббийлар аввалги хизматлари учун деган нақлга эътибор бермай қўйишяпти, тайёр бўлса бўлди: ҳаётида соврин ютмаган ҳам керак пайтда терма жамоага чақирилади. Чунки миллат байроғи ва Ватан манфаати ҳар нарсадан устун.

P.S. Ушбу мақола ёзилаётган маҳал Криштиану Роналдунинг ноябрда терма жамоага қайтиши ҳақида расмий хабар чиқди. Афтидан Португалия футбол федерацияси раҳбари футболчи билан гаплашиб ҳал қилган бўлса керак. Унинг қайтишига жамоадошлари реакцияси қанақа бўлади? Жезуш майдонга туширадими? Роналду яна 7-рақамни қайтариб оладими? Буни кейинги ФИФА кунларида билиб оламиз.

Хайрулла Холиқов

Ўхшаш янгиликлар


Xayrulla Xoliqov Муаллиф