

Суперлига
12-тур
"Навбаҳор" – ОКМК 2:3
Тошкент. “Олимпия” стадиони. 20:00
Бош ҳакам: Темур Тўхтасинов
Ёрдамчи ҳакамлар: Анвар Маражабов, Абдулҳамид Абдурайимов
Захира ҳаками: Асадбек Қосимжонов
VAR: Абдурашид Худойберганов
AVAR: Диас Галеев
Назоратчи: Султонбек Зайлобидинов
Комиссар: Даврон Иброҳимов
Голлар: 1:0 – 8, Руслан Жиянов (Аббос Ғуломов); 1:1 – 20, Ҳазрат Турсунқулов; 2:1 – 31, Ҳусайн Норчаев (Диёр Холматов), 2:2 – 82, Али Абдураҳмонов (Иван Пешич); 2:3 – 90+4, Арихиро Сентоку (Иван Пешич)
"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 4.Ислом Маматказин, 5.Дилшоджон Комилов, 7.Руслан Жиянов (17.Муҳаммадали Ғиёсов, 80), 8.Диёр Холматов, 11.Ҳусайн Норчаев, 20.Қувондиқ Рўзиев (6.Шоҳруҳ Абдураҳмонов, 80), 21.Асадбек Раҳимжонов, 23.Ваня Илич (22.Умар Адҳамзода, 46), 34.Георгий Жгереная (44.Анри Чичинадзе, 67), 70.Аббос Ғуломов (97.Алекс Фернандес, 63).
Захира: 16.Шукрон Йўлдошев, 9.Забиҳилло Ўринбоев, 13.Бенжамин Тейди, 77.Муҳаммадали Усмонов.
ОКМК: 35.Жавоҳир Илёсов, 5.Георги Папава, 6.Авазбек Ўлмасалиев, 7.Дилшод Аҳмадалиев, 8.Абубакр Ризо Турдиалие (11.Али Абдураҳмонов, 81), 9.Азиз Холмуродов (77.Иван Пешич, 81), 10.Асадбек Собиржонов (28.Арихиро Сентоку, 65), 21.Ҳазрат Турсунқулов, 22.Саидафзалхон Ахроров (19.Аҳмадулло Муқумжонов, 87), 44.Аброр Каримов, 88.Сияваш Хақназарий (27.Урош Койич, 65)
Захира: 23.Ҳамидулло Абдунабиев, 3.Шаҳзод Таиров, 13.Элдорбек Бегимов, 30.Аброр Саримсоқов.
Огоҳлантиришлар: Абубакр Ризо Турдиалиев (45+3), Авазбек Ўлмасалиев (59), Азиз Холмуродов (66), Ҳусайн Норчаев (90)
Учрашув якунланди! Ҳақиқий драма гувоҳига айландик!
Бош ҳакам Темур Тўхтасинов ҳуштаги чалиниб, шиддатли ва кутилмаган бурилишларга бой бўлган учрашув ниҳоясига етганини билдирди. Сўнгги сониялардаги гол эвазига ОКМК сафарда "Навбаҳор" устидан 2:3 ҳисобида иродали ғалабани қўлга киритди.
Ажойиб ўйин ва фаол трансляция учун раҳмат! Навбатдаги учрашувларда учрашгунча!
90+4' – ГОООООООЛ!!! Даҳшатли драма! ОКМК учрашувнинг сўнгги сонияларида ғалаба тўпини киритмоқда – 2:3!
Учрашув якунида чинакам триллер гувоҳига айландик! "Навбаҳор" бурчак тўпидан сўнг ғалабани илиб кетиши мумкин эди – Асадбек Раҳимжонов жуда яқин масофадан кучли зарба йўллади. Бироқ ОКМК посбони Жавоҳир Илёсов яна бир бор мўъжиза кўрсатиб, тўпни қайтаришга эришди!
Меҳмонлар қайтган тўпни илиб кетиб, яшин тезлигида қарши ҳужумга ўтишди. Тўпни қабул қилган Арихиро Сентоку олдинга чиқиб кетган дарвозабон Ўткир Юсуповнинг устидан тўпни усталик билан ошириб қўйди ва жамоасига ғалаба тақдим этувчи голни урди!
90+1' – Хавфли вазият! Қандай сейв!
"Навбаҳор" учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб кетиши мумкин эди! Ҳусайн Норчаев рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб, ОКМК посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва дарвозани нишонга олди. Бироқ меҳмонлар дарвозабони Жавоҳир Илёсов совуққонлик намойиш этиб, даҳшатли сейв ижро этди ва ўз жамосини муқаррар голдан қутқариб қолди!
90' – Учрашувнинг асосий вақтига бош ҳакам томонидан 3 дақиқа вақт қўшиб берилди. Драма давом этади!
90' – Қизил карточка! Йўқ, ҳакам футболчини сариқ карточка билан огоҳлантирди!
Майдонда кутилмаган асабий вазият юзага келди. "Навбаҳор" ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев рақиб футболчиси билан тўқнашувдан сўнг ўз ҳиссиётларини жиловлай олмади ва унга бош қисми билан зарба берди. Бош ҳакам ушбу қўполлик учун Норчаевга сариқ карточка кўрсатди. Мезбонлар вакили бу вазиятда анча енгил жазо билан қутилиб қолди.
87' – ОКМК таркибида навбатдаги ўзгариш. Саидафзалхон Ахроров майдонни тарк этди, унинг ўрнига Аҳмадулло Муқумжонов ўйинга қўшилди.
82' – ГОООООООЛ! Ҳисоб тенглашди – 2:2!
ОКМК бош мураббийининг ҳозиргина захирадан майдонга туширган футболчилари ўз сўзини айтишди! Чап қанотдан ҳужумга қўшилган Иван Пешич жарима майдончаси ичига ажойиб узатма амалга оширди. У ерда қулай нуқтада турган Али Абдураҳмонов совуққонлик билан аниқ зарба йўллаб, дарвозани ишғол этди ва мувозанатни тиклади!
81' – ОКМК таркибида ҳам қўшалоқ ўзгариш. Бош мураббий Миржалол Қосимов ўйин тақдирини ўзгартириш учун майдонга янги кучларни ташлади: Азиз Холмуродов ва Абубакр Ризо Турдиалиев захирага олинди. Уларнинг ўрнига Иван Пешич ҳамда Али Абдураҳмонов учрашувни давом эттирадиган бўлишди.
80' – "Навбаҳор" таркибида бир йўла иккита ўзгариш амалга оширилди. Майдонни Руслан Жиянов ва Қувондиқ Рўзиев тарк этишди. Уларнинг ўрнига Муҳаммадали Ғиёсов ҳамда Шоҳруҳ Абдураҳмонов ўйинга қўшилди.
80' – Даҳшатли вазият! Қандай қилиб гол бўлмади?!
ОКМК гол уришига бир баҳя қолди! Георги Папаванинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Азиз Холмуродов жуда яқин масофадан дарвозани нишонга олди, бироқ унинг зарбасидан кейин ҳам тўп яна устунга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди! Мезбонларнинг бахти кулиб боқди.
76' – "Навбаҳор"нинг навбатдаги ҳужуми. Диёр Холматов чап қанотдан катта тезликда олдинга интилиб, рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кирди ва дарвозани нишонга олди. Бироқ унинг йўллаган зарбаси бироз кучсиз чиқди – ОКМК посбони Жавоҳир Илёсов тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.
72' – Хавфли вазият!
ОКМК ярим ҳимоячиси Ҳазрат Турсунқулов майдон марказига яқин жойда тўпни қабул қилиб олди ва фаоллик кўрсатди. У чиройли ҳаракат билан бир рақибини алдаб ўтиб, дарвозани нишонга олди. Бироқ унинг йўллаган кучли зарбасига бироз аниқлик етишмади – тўп дарвоза устуни юқорисидан ўтиб кетди.
67' – "Навбаҳор" таркибида навбатдаги ўзгариш. Жамоа бош мураббийи ҳимоя чизиғини янгилашга қарор қилди: майдонни Георгий Жгереная тарк этди, унинг ўрнига грузиялик легионер Анри Чичинадзе ўйинга қўшилди.
66' – Сариқ карточка!
ОКМК ҳужумчиси Азиз Холмуродов рақиб футболчиси Руслан Жияновга нисбатан хавфли ҳаракат қилгани учун бош ҳакам Темур Тўхтасинов томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
65' – ОКМК таркибида бир йўла иккита ўзгариш. Бош мураббий ҳужум чизиғини янгилашга қарор қилди: майдонни Сияваш Хақназарий ва Асадбек Собиржонов тарк этишди. Уларнинг ўрнига Урош Койич ҳамда Арихиро Сентоку ўйинга қўшилди.
63' – "Навбаҳор" таркибида навбатдаги ўзгариш. Майдонни Аббос Ғуломов тарк этди, унинг ўрнига бразилиялик легионер Алекс Фернандес ўйинга қўшилди.
59' – Сариқ карточка!
Ҳакам қарорига аниқлик киритилмоқда. Руслан Жияновга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг, ОКМК ярим ҳимоячиси Авазбек Ўлмасалиев ҳакам билан тортишгани ва эътироз билдиргани учун сариқ карточка билан жазоланди. Қўполлик ишлатган Дилшод Аҳмадалиевга эса огоҳлантириш кўрсатилмади.
55' – Хавфли вазият!
"Навбаҳор" ҳимоячиси Дилшоджон Комилов чап қанотдан рақиб жарима майдончаси марказига жуда қулай узатма амалга оширди. Тўпни қабул қилган Ҳусайн Норчаев дарвозани нишонга олди, бироқ унинг йўллаган зарбаси ноаниқ кетди. Мезбонлар ҳисобдаги фарқни ошириш имкониятини қўлдан бой беришди.
54' – "Навбаҳор" ҳимоячиси Георгий Жгереная рақиб дарвозасини олис масофадан нишонга олди. Унинг йўллаган жуда кучли зарбасига аниқлик етишмади – тўп майдон ташқарисига кетди.
53' – ОКМК жамоаси вакиллари жарима зарбасини тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Ҳазрат Турсунқулов тўпни жарима майдончаси ичига узатди, бироқ унинг шерикларидан ҳеч ким бу узатмага ета олмади. Тўп ҳеч кимга тегмасдан майдон ташқарисига чиқиб кетди.
47' – Хавфли вазият!
ОКМК футболчилари иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлашди. Чап қанотдан жарима майдончаси ичига узатилган тўпни Ҳазрат Турсунқулов бош билан дарвозага йўллади. "Навбаҳор" посбони Ўткир Юсупов позицияни тўғри танлаб, тўпни ишончли тарзда эгаллаб олди.
46' – Иккинчи бўлим бошланди!
Жамоалар майдонга қайтишди. Бош ҳакам хуштагини чалиб, учрашувнинг иккинчи бўлимига старт берди.
"Навбаҳор" таркибида танаффус пайтида ўзгариш амалга оширилди: Ваня Илич ўрнига майдонга Умар Адҳамзода тушди.
45+3' – Биринчи бўлим якунланди!
Бош ҳакам Темур Тўхтасинов ҳуштагини чалиб, жамоаларни танаффусга таклиф этди. Биринчи бўлимдан сўнг стадиондаги ҳисоб – 2:1. "Навбаҳор" ҳозирча олдинда.
Қисқа танаффус эълон қиламиз. Жамоалар майдонга қайтишгач, трансляцияни давом эттирамиз.
45+3' – Сариқ карточка!
Биринчи бўлимнинг қўшиб берилган сўнгги дақиқасида майдонда қўполлик ишлатилди. ОКМК ярим ҳимоячиси Абубакр Ризо Турдиалиев рақиб футболчиси Руслан Жияновга нисбатан қоидани бузгани учун бош ҳакам Темур Тўхтасинов томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
45' – Учрашувнинг биринчи бўлими асосий вақти якунланди. Тўхталишлар ва тиббий ёрдам кўрсатилган вазиятлар инобатга олиниб, бош ҳакам Темур Тўхтасинов томонидан биринчи бўлимга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.
40' – Хавфли вазият!
ОКМК ҳимоячиси Саидафзалхон Ахроров чап қанотдан жарима майдончаси ичига хавфли узатма амалга оширди. Қулай нуқтада турган Ҳазрат Турсунқулов дарвозага кучли зарба йўллади, бироқ "Навбаҳор" посбони Ўткир Юсупов ажойиб сейв намойиш этиб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.
38' – Майдонда тўхталиш. "Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Руслан Жиянов рақиб билан тўқнашувдан сўнг майдонда ётибди. Стадион шифокорлари майдонга таклиф этилди ва ҳозирги дақиқаларда футболчига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
36' – ОКМК футболчиси Ҳазрат Турсунқулов рақиб дарвозасини олис масофадан нишонга олди. Унинг йўллаган кучли зарбаси бироз ноаниқ кетди – тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
31' – ГООООООООЛ!!! "Навбаҳор" яна олдинда!
"Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Диёр Холматов рақиб жарима майдончасининг ўнг томонидан тўпни марказга узатди. Бу вазиятда Ҳусайн Норчаев совуққонлик кўрсатиб, тўпни тўхтатмасдан дарвозанинг узоқ пастки бурчагига аниқ жойлаб қўйди. Мезбонлар яна ҳисобда устунликни ўз қўлларига олишмоқда – 2:1!
27' – Учрашув бош ҳаками Темур Тўхтасинов ўйинда техник танаффус эълон қилди. Футболчилар сув ичиб, куч йиғиб олиш ва мураббийлардан кўрсатмалар эшитиш учун захира ўриндиқлари томон йўл олишди.
20' – ГООООООООЛ!!! ОКМК ҳисобни тенглаштирди!
Меҳмонлар ярим ҳимоячиси Ҳазрат Турсунқулов ўнг қанотдан катта тезликда олдинга интилди. "Навбаҳор" ҳимоячиси Дилшоджон Комилов билан бўлган курашда устун келиб, тўпни жарима майдончаси марказига узатди. Асадбек Собиржоновнинг йўллаган зарбасини дарвозабон Ўткир Юсупов қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Турсунқулов уни деярли дарвоза чизиғи ёнидан осонлик билан тўрга жойлаб қўйди – 1:1!
18' – ОКМК футболчиси Сияваш Хақназарий рақиб жарима майдончаси ичида тўпни ўзига бўйсундириб, дарвозага зарба берди. Бироқ йўлга қўйилган тўп "Навбаҳор" ҳимоячисига тегиб, ўз йўналишини ўзгартирди ва дарвозагача етиб бормади.
12' – ОКМК жамоасидан жавоб ҳужуми. Асадбек Собиржонов жарима майдончаси ичига кириб бориб, дарвозанинг яқин бурчагини нишонга олди. "Навбаҳор" посбони Ўткир Юсупов ўз ўрнида, у тўпни ишончли тарзда эгаллаб олди.
8' – ГООООООООЛ!!! "Навбаҳор" ҳисобни очди!
"Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Руслан Жиянов рақиб жарима майдончаси ташқарисида тўпни қабул қилиб олди ва дарвоза томон кучли зарба йўллади. Тўп дарвозабон Жавоҳир Илёсов қўриқлаётган дарвозанинг яқин пастки бурчагига аниқ йўлланди. Мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишмоқда – 1:0!
6' – Хавфли вазият!
"Навбаҳор" ҳужумчиси Руслан Жиянов чап қанотдан катта тезликда олдинга қараб интилди ва рақиб жарима майдончаси ичига аниқ узатма берди. Қулай позицияга чиқиб борган Ҳусайн Норчаев 8–9 метрлар чамаси узоқликдан чап оёқда дарвозага зарба йўллади. Бироқ тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
3' – ОКМК ярим ҳимоячиси Асадбек Собиржонов чап қанотдан жарима майдончаси ичига узатма амалга оширди. Наманганликлар ҳимоячиси Ислом Маматказин хавфни бартараф этиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Меҳмонларда бурчак зарбаси.
1' – Диққат, учрашув бошланди!
Жамоалар "Олимпия" стадиони майдонига чиқиб келишди. Бугунги баҳсда мезбонлар – "Навбаҳор" футболчилари кўк, меҳмонлар – ОКМК жамоаси эса оқ рангли либосларда ҳаракат қилишади.
Учрашув бош ҳаками Темур Тўхтасинов ҳуштагини чалди. Ўйинга старт берилди!



