Шуҳрат Ражабов: "Ўтказиб юборилган гол футболчиларимизга ёмон таъсир қилди"

Administrator
22 сен 2026, 22:41
Пролига 20-турдан ўрин олган "ФарДУ" – "БухДУ" учрашувидан сўнг матбуот анжуманида "БухДУ" жамоасининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Шуҳрат Ражабов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи навбатда "ФарДУ" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Биринчи хатодаёқ гол ўтказиб юбордик ва бу йигитларимизга ёмон таъсир қилди. Бошқа нимаям дердим, аламли мағлубиятга учрадик.

- Таркибда Ислом Бойсариев, Акобир Тўраев каби тажрибали футболчилар бўлишига қарамай уларни захирада қолдирдингиз.
- Акобир Тўраев қизил карточка олгани боис охирги иккита ўйинимизда иштирок этмади. Ўйин амалиёти озгина пасайгани боис захирада қолди. Ўтган турда ким яхши ҳаракат қилган бўлса, шуларни асосий таркибда туширдик. Бойсариевда кичик жароҳат бор, у захирадан тушиб яхши ўйнади.

- "БухДУ" жамоасининг жорий мавсумдаги вазифаси нима?
- Вазифа ўйинларни ютиш, фақат бироз омад келмаяпти. Кейинги турда "Лочин"ни қабул қиламиз. Ўйлашимча, шу учрашувда натижага эришамиз.

- Янги мавсум учун режалар қандай?
- Жамоани юқорига кўтариш, бунинг учун бор куч билан ҳаракат қиламиз. Жамоамизни Пролигада сақлаб қолиш учун ҳаракат қиламиз.

- Бугун университетлар дербиси бўлди.
- Буни ҳаммамиз яхши тушуниб тургандик ва йигитларга алоҳида мотивация беришнинг зарурати йўқ эди. Ҳар икки жамоа охиригача курашди деб ўйлайман.

- Бугун жамоангиз гол ўтказиб юборганидан кейин ҳам ўзини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилмади?
- Айтиб ўтганимдек, хатолар бизга қимматга тушди. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳушёрликни йўқотдик. "ФарДУ" яхши жамоа, айниқса Лебедев бошқарувни қўлга олгач, жамоа ютқазмасдан келяпти. Насиб қилса биз учун ҳам яхши бўлади.

- "ФарДУ"нинг майдонига қандай баҳо берасиз?
- Майдон ҳолати жуда зўр. Бу ерга охирги марта "Бухоро" билан келгандим ва майдон бунчалик зўр эмасди.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia