

"Балки майдоннинг ҳолати шунга олиб келгандир, кўпроқ яккакурашлар бўлди. Шунинг учун мазмунли ва сифатли ўйин бўлмагандир, лекин шунга қарамасдан иккала жамоа ҳам вазиятлар яратди. Қайсидир жамоа тарози палласини ўз тарафига оғдириши ҳам мумкин эди, бироқ муросали натижа қайд этилди. «Сурхон» жамоасини таъкидлашим керак, тўпни яхши назорат қилади. Имкон қадар уларнинг шу жиҳатига эътибор қаратиб, кўпроқ босим уюштиришимиз керак эди. Қайсидир маънода буни яхши бажардик, фақат қарши ҳужумларга тез чиқишда озгина оқсадик", - дея гап бошлади Рўзиқул Бердиев.
— "Кувайт"га қарши ўйиндан кейин мағлубият сабабини ҳужумчиларда совуққонлик ва маҳорат етишмагани билан изоҳлагандингиз. Бугун ҳимоядан кўнглингиз тўлдими? Дарвозабон қутқарган бўлиши мумкин, аммо рақибнинг ёш футболчилари ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратишди. Ҳимоя ҳақида нима дея оласиз?
- Бу борада яна ҳужум ҳақида гапиришимга тўғри келади. 15-дақиқадаёқ 2:0 ҳисобида олдинда боришимиз мумкин эди. Яна вазиятлар яратдик: Бобурда, Отубанжода ва бошқаларда имконият бўлди. Гол ура олмаслик биринчи муаммоларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Рақиб таркибида ёшлар бўладими ёки тажрибалилар, футболда барибир хавфли вазиятлар яратилади. Бундан ташқари, икки кун олдин ўйнаб, учинчи куни яна майдонга тушдик. Чарчоқ сабабли баъзи вазиятларда улгурмай қолдик. Ҳужумга берилиб, орқага қайтишга улгурмаслик оқибатида "Сурхон" баҳс охирида бир-иккита вазият ярата олди.
— Чарчоқ ва тиғиз тақвим ҳақида гапирдингиз. Масалан, Мирко Еличич "Локомотив"да тикланишга урғу бериб, ҳар уч кунда ўйнаш унга қулайлигини айтганди. Сизга қандай график маъқул? Тиғиз тақвим ва сафарлар жамоага қанчалик таъсир ўтказмоқда?
- У унинг фикри. Бизнинг иқлимда бундай ритмга мослашиш жуда қийин. Айниқса, халқаро ўйинлар бўлаётганда ва ҳозирги таркибимиз билан ҳар икки-уч кунда ўйнаш анча оғирлик қилади. Агар иккита тенг кучли таркибингиз бўлса ва ўйинлар Ўзбекистон ичида ўтса, ҳар уч кунда ҳам ўйнаса бўлади. Аммо халқаро сафарлар ҳар қандай жамоага қийинчилик туғдиради. Масалан, "Ал-Кувайт"ни олсак, уч кундан кейин уларнинг майдонида ўйнашимиз керак, олдинда узоқ йўл турибди. Улар бунга жиддий қараб, Қаршига тўрт кун олдин чартер билан келиб, ўйиндан сўнг дарҳол қайтиб кетишди. Ички чемпионатдаги бугунги ўйинини эса қолдиришди. Биз эса тақвим бўйича давом этяпмиз. Албатта, битта таркиб билан ўйнаётган жамоа учун бу оғир.
— "Насаф" ОЧЛда яна имкониятни бой берди. Охирги йилларда "Насаф" халқаро майдонда ўзбек футболига кўпроқ зарар келтиряпти деган фикр бор, рейтинг коэффициентига салбий таъсир қиляпти деган танқидларга қўшиласизми?
- Йўқ, "зарар келтиряпмиз" деган фикрга умуман қўшилмайман. "Насаф" ўзбек футболига катта ёрдам беряпти. Ўз вақтида жамоамизнинг халқаро майдондаги муваффақиятли натижалари Ўзбекистонга турнирларда бирданига учта клуб билан қатнашиш имкониятини яратиб берган эди. Ҳозир ҳолатимиз шундай бўлиб қолди, лекин бу мусобақаларда нафақат "Насаф", балки ҳар бир жамоамизга қийин бўлмоқда, осон ўйинлар йўқ. Кимнингдир фикри билан бундай хулоса чиқариш мутлақо нотўғри. "Насаф" ўзбек футболига доим катта фойда келтирган, ҳозир ҳам келтирмоқда ва бундан кейин ҳам ёрдам беради.



