Анвар Ғофуров: "Каттароқ мақсадларни кўзламоқчи бўлсак, яхшироқ селекция керак"

Абдулвосит Бектемиров
1 ноя 2026, 00:46
Суперлига 26-туридан ўрин олган "Сурхон" - "Насаф" учрашувидан сўнг (1:1) мезбонлар устози Анвар Ғофуров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Жуда яхши жамоага қарши ўйин ўтказдик. Оғир ўйин бўлди, лекин яхши футбол кўрдик. Ҳар иккала жамоа ғалаба учун ҳаракат қилди, ҳеч ким орқага чекингани йўқ. "Насаф"нинг жуда кучли ва шаклланган жамоа эканини тан олиш керак. Бу янгилик эмас, уларнинг яхши мураббийи ва таркиби бор. Биз ҳам курашдик, ҳар бир баҳсга рақибдан қатъи назар фақат ғалаба учун чиқамиз. Бугун жанговор дуранг бўлди. Икки жамоа ҳам мазмунли ўйин кўрсатди ва мағлуб бўлишга лойиқ эмасди", - дея гап бошлади Анвар Ғофуров.

— "Сурхон" охирги турларда ғалаба қозона олмаяпти, лекин ютқазмаяпти ҳам. Ёш жамоага ғалабани ўз томонига оғдириш учун нима етишмаяпти?

- Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш керак. Вазиятлар бўляпти, агар улардан гол ура олганимизда натижа бошқача бўларди. Лекин кимгадир жиддий эътироз билдириш қийин, бу — футбол. Ҳеч ким атайлаб гол урмай қолмайди. Тан олиш керак, бу йилги тажрибадан хулоса чиқариб, келаси мавсумга тайёргарлик кўришимиз зарур.

— "Сурхон" олдига аниқ вазифа қўйилган тақдирда умуман бошқа даражадаги жамоага айланиши мумкинми? Жамоанинг ҳақиқий кучи қачон тўлиқ намоён бўлади?

- Тўғри айтяпсиз, таркибда ёшлар кўп, улар энди ўз йўлини босиб ўтмоқда. Агар каттароқ мақсадларни кўзлайдиган бўлсак, албатта яхши селекция керак бўлади. Бизда ҳозир асосий муаммо — соф ҳужумчи масаласи. Мисол учун, биринчи даврада кўп гол урган Чинеду бошқа жамоага ўтиб кетди. Масалан, Турнике аслида ҳужумчи эмас. Мажбурликдан уни олдинги чизиққа қўйдик. У ўз вазифасини бажаряпти, лекин соф форвард барибир зарур. Йигитларга катта раҳмат, шунингдек, Сурхондарёдан келиб бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Келаси мавсумда мухлисларимизни янада хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф