

“Arriyadiyah” маълумотига кўра, клубнинг умумий қарзи 187 миллион евродан ошиб кетган.
Хабар қилинишича, “Ал Насср”га эгалик қилувчи Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси инқироздан чиқиш йўлларини излашга киришган.
Вужудга келган мажбуриятлар ўз даромадлари — ҳомийлик шартномалари ва бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан қопланмаса, клубга янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйилиши мумкин.
Бундан ташқари, “Ал Насср” акцияларининг бир қисмини янги инвесторга сотиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Манбага кўра, Давлат инвестиция жамғармаси клубдаги улушни сотиб олиш бўйича иккита таклифни ўрганмоқда.
Таркибида Криштиану Роналду каби юлдузлар борлигига қарамай, молиявий қийинчиликлар жамоанинг кейинги ривожланиши ва трансфер сиёсатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Чекловлар жорий этилса, “Ал Насср” яқин орадаги трансфер ойналарини таркибни кучайтириш имкониятисиз ўтказиб юбориш хавфи остида қолади.



