

– Собиқ жамоангиз "Локомотив" стадионига қайтиш қандай таассурот уйғотди?
– "Локомотив"да узоқ даврни бошдан кечирганман. Фаолиятимнинг ярмини шу ерда ўтказганман, шунинг учун ҳиссиётлар ажойиб бўлди. Қадрдон стадионга қайтиш, мухлислар қаршисида майдонга тушиш ўзгача кечди. Ёшлик даврларимни эсладим.
– Икки жамоа Ўзбекистон кубоги чорак финали қуръа натижаларига кўра яна ўзаро тўқнашади. Бугунги учрашув кубок баҳсида қанчалик фойдага ишлайди?
– Албатта, ҳар бир учрашув ўзига хос, турлича ўтади. Бу учрашув ҳам тарих, энди ҳаммасига бошқатдан тайёргарлик кўриш керак. Кубок баҳсларида мағлуб бўлган жамоа турнирни тарк этади. Бундай ўйинлар чемпионат баҳсларига қараганда бошқачароқ руҳда ўтади. Ушбу ўйинда ҳам ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Бироқ унгача ҳали бир ой вақт бор, жиддий тайёргарлик кўрамиз.
– "Нефтчи" айни дамда учта турнирда иштирок этяпти ва ғолиблик учун курашяпти. Жароҳатлар ва ўйинларнинг кўплиги жамоада қийинчилик пайдо қилмайдими? Бугунги учрашувни ҳам беш нафар футболчи жароҳат сабабли ўтказиб юборди.
– Буларининг олдини олиш мақсадида янги ўйинчилар жалб этилди. Улар бизга Элит Чемпионлар лигасида ёрдам беради, деб ўйлайман. Агар жароҳат олган барча футболчиларимиз сафга қайтса, уччала турнирда ҳам ротация қилиб ўйнаш қийинчилик туғдирмайди.
– Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро кузги ўртоқлик учрашувлари учун чақирилган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Унда "Нефтчи"дан атиги бир нафар футболчи жалб этилган. Бунга фикрингиз қандай?
– Бунга фикр билдира олмайман. Терма жамоа мураббийлари ва таркибни шакллантирувчилар бунга жавобгар. Тўғри, ҳозирги ҳолатга қарайдиган бўлсак, "Нефтчи" клуби Суперлига турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Албатта, бир нафар эмас, кўпроқ ўйинчи чақириш ҳам мумкин эди. Лекин бу қарор – уларники. Ушбу қарорга ҳеч ким қаршилик қила олмайди, чунки терма жамоага мураббий фақат ўзи хоҳлаган футболчиларни жалб этади.



