Зоран Марушич: "Клубда қолиш ниятим бор, лекин ҳаммаси раҳбарият қарорига боғлиқ"

Оқил Абдубарноев
21 сен 2026, 12:05
"Нефтчи" ҳужумчиси Зоран Марушич Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган "Локомотив"га қарши ўйиндан сўнг (1:0) Championat.asia сайтига интервью берди.

– Ғалаба билан табриклайман! Бугунги ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ўйин муҳим аҳамиятга эга эди. Таъкидлаганимдек, Чемпионлар лигасидан сўнг дам олиш учун вақтимиз кўп эмасди. Ҳар бир ҳафтага, ҳар бир ўйинга сўнггисидек тайёргарлик кўриш лозим. Биринчи ўринда қолишимиз учун бугун ғалаба қозониш биз учун жуда муҳим эди. Энди бироз ҳордиқ чиқариб, кейинги баҳсга хотиржам тайёргарлик кўришимиз керак. Тикланиш, дам олиш ва ўйинга ҳозирлик кўриш учун етарли вақтимиз бор.

– Бугун ҳам, Элит ОЧЛда "Эйр Форс"га қарши ҳам ғалаба голини урдингиз. Муҳим голлар сизга қўшимча ишонч бераяптими?

– Ўзим ҳақимда ҳеч қачон гапира олмайман. Бу мен учун жуда муҳим бўлса-да, асосийси – жамоанинг олдинга интилиши. Бугун ҳам, ўтган ўйинда ҳам гол урдим. Биз фақат ғалаба қозонишимиз керак, ким гол уриши ёки ким узатма беришининг аҳамияти йўқ. Энг муҳими – биз жамоа сифатида олдинга интишимиз ва зафар қучишимиз лозим.

– Стипе Перица ва жамоага янги келиб қўйшилган финляндиялик ҳужумчи билан рақобатга қандай қарайсиз?

– Бу ҳолат мени янада руҳлантирмоқда. Финляндялик ҳужумчи жамоага яқинда келди. Перица билан дўстмиз. Орамизда салбий рақобат йўқ. Айтганимдек, жамоа сифатида жуда аҳилмиз ва бу энг асосийси. Рақобатга келсак, агар у кўпроқ гол урса, мен ҳам бунга интиламан. Бу – соғлом рақобат. Энг муҳими – ўртамиздаги ака-укадек муносабат ва бу доим шундай бўлиб қолиши керак.

– Шартномангиз йил охирида тугайди. "Нефтчи"да қолмоқчимисиз ёки бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқасизми?

– Клуб билан уларнинг режалари ҳақида гаплашиб олиш керак. Агар уларда мени жамоада олиб қолиш истаги бўлса, буни муҳокама қилиш мумкин. Мен учун "Нефтчи" клубида ўйнаш жуда қулай. Бундай мухлислар ва шундай ажойиб муҳитда доим қолгинг келади. Бироқ клуб ҳар доим футболчидан устундир. Шунинг учун барчасини клуб ҳал қилади. Ҳаммаси раҳбариятнинг қўлида. Менда эса жамоада қолиш истаги бор. Вақт ўтиши билан барчасини кўрамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia