"Рома" Непалдаги қутқарув операциясини қўллаб-қувватлаш учун махсус либосда майдонга тушади

Sherzod Nurmatov
10 сен 2026, 19:45
“Footy Headlines” тарқатган хабарга кўра, "Рома" бугун Чемпионлар Лигаси доирасидаги "Фенербахче"га қарши учрашувда Жаҳон озиқ-овқат дастурининг (WFP) Непалдаги инсонпарварлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус либосда ҳаракат қилади.

"Рома"нинг одатий бош ҳомийси бўлмиш Eurobet.live ўрнига, мазкур баҳсда клубнинг уй либоси кўкрак қисмида БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури логотипи, шунингдек, "Непал учун биргамиз" ёзуви ва Непал байроғи акс эттирилади.

2.jpg

Бундай алмаштириш Туркиядаги қатъий реклама қоидалари билан боғлиқ. Маҳаллий қонунчилик қимор ва букмекерлик брендларининг рекламасини жойлаштиришни тақиқлайди, шу сабабли "Рома" ўз либосларида одатий ҳомий логотипидан фойдалана олмайди.

Форманинг кўкрак қисмини бўш қолдириш ўрнига, "Рома" Непалдаги гуманитар инқирозга эътибор қаратиш учун Жаҳон озиқ-овқат дастури билан ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда содир бўлган кучли сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида тахминан 43 000 киши ўта муҳтож аҳволда қолган.

Ўйиндан сўнг "Рома" ушбу учрашувдаги 2026/27 йилги мавсум либосларини кимошди савдосига қўяди ва тушган барча маблағ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг шошилинч ёрдам кўрсатиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, мухлислар ёрдам ишларини бевосита қўллаб-қувватлаш учун БМТнинг ShareTheMeal иловаси орқали махсус йўлга қўйилган маблағ йиғиш кампаниясида иштирок этишлари мумкин.

“Фенербахче” – “Рома” баҳси Тошкент вақти билан 21:45 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Footy Headlines