

"Бўлиб ўтган мулоқот юзасидан шуни таъкидлашим мумкинки: мураббий бирор жамоани қабул қилиб олгач, кутилган натижа қайд этилмаса ҳамда унда масъулият ҳисси бўлса, жамоанинг инқирозга юз тутишини истамаган ҳолда, ўз хоҳиши билан истеъфога чиқади. Бу ҳиссиётларга берилиш эмас – балки мутлақо мантиқий ва табиий фикрлар эди.
Тўртта учрашувда бирорта ҳам очко қўлга киритилмагани сабабли, натижалар қониқарсиз эканлигини инобатга олиб, раҳбарият зарур деб топган тақдирда тегишли қарорни қабул қилишга тайёр эканлигимни билдирдим. Шу боис, вазиятни ўнглаш учун янгича ёндашув ва ўзгаришлар талаб этилишини тўла англаб етдим. Менинг томонимдан барчаси холис ва объектив баҳоланди.
Раҳбариятнинг муносабатига келсак – улар томонидан ишонч сақланиб қолди. Улар зудлик билан муносабат билдириб, барчаси одатий иш режимида давом этишини маълум қилишди. Агар ҳозир шу ерда фаолиятимни давом эттираётган бўлсам ва мазкур ҳолатдан сўнг яна учта учрашув ўтказган бўлсак – демак, менга ва олиб бораётган ишимга нисбатан раҳбариятнинг ишончи ҳамон мавжуд.
Маълумки, мураббийлик фаолиятининг ўзига хос хусусияти шунда. Эртами-кечми ҳар қандай даражадаги, малака ва тоифадан қатъи назар, энг тажрибали мураббий ҳам ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Буни барча мутахассислар яхши тушунади. Мураббийлик курсларида таҳсил олиш жараёнида энг аввало мазкур қоида ўргатилади. Камида менинг тажрибамда шундай таълим берилган.
Натижа қайд этилмаган тақдирда, албатта, қандайдир чоралар кўрилиши лозим. Баъзи мутахассислар дастлабки учрашувдан сўнгоқ истеъфога чиқарилади. Бошқаларга эса 15 тур давомида имконият берилади – жамоа ғалаба қозонмай қуйи лигага тушиб кетса ҳам, ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди.
Шунингдек, ўз касбига холис ва жиддий ёндашадиган, нафақат ўз манфаати ёки шартнома шартларини, балки жамоа тақдирини ҳам ўйлайдиган мураббийлар мавжуд. Менинг ушбу вазиятдаги нуқтаи назарим ҳам айнан шунга асосланган эди. Олдинда бизни кўплаб учрашувлар кутиб турибди ва биз натижаларимиз ҳамда кўрсаткичларимизни яхшилаш йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз", деди 55 ёшли мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, шундан сўнг водийликлар уч ўйинда 7 очко жамғарди. Ортда қолган 18 турдан сўнг "Қўқон-1912" 18 очко билан турнир жадвалида 15-ўринда бормоқда.



