"Қоидаларнинг очиқчасига бузилиши". ФИФА Инфантинога қилинган тўловлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмади

13 окт 2026, 10:25
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президент Жанни Инфантино номига ўтказилган тахминан 1,5 миллион евро миқдоридаги қўшимча тўловлар ҳақидаги маълумотларни яширган.

Бу ҳақда The Times нашрига таяниб Le Parisien хабар бермоқда.

Ташкилотнинг 2024 йилги йиллик ҳисоботига кўра, Инфантинонинг даромади 4,6 миллион еврони ташкил этган. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, ҳужжатда АҚШдаги 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун жавобгар бўлган FWC 2026 US Inc шўъба тузилмасидан унга яна 1,5 миллион еврога яқин маблағ ўтказилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

The Times талқинига кўра, ушбу маблағлар Инфантинонинг Майамидаги харажатларини қоплашга йўналтирилган бўлиши мумкин.

"Агар у ФИФА билан боғлиқ компаниялардан қўшимча тўловлар олса ва бу ҳақдаги маълумотлар ошкор қилинмаса, бу қоидаларнинг очиқчасига бузилиши ҳисобланади. ФИФА устави тўлиқ шаффофликни таъминлашни талаб қилади", — деди ФИФАнинг бошқарув бўйича собиқ раиси Мигель Мадуро ва суриштирув бошлашга чақирди.

Аввалроқ Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) Инфантинони FIFA Forward Enterprise лойиҳаси доирасида фирибгарликда айблаган эди. ФИФА ноқонуний ҳаракатлар ҳақидаги айбловларни рад этди. Инфантино 2027 йил 18 март куни Рабатда бўлиб ўтадиган ФИФА президенти сайловида иштирок этишни режалаштирмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: The Times

Сўнгги янгиликлар

Барча ›