ПСЖ Луис Энрике билан шартномани узайтиришга яқин

Iskandarov Abdulaziz
9 май 2026, 08:40
Франциянинг "Пари Сен-Жермен" клуби жамоа бош мураббийи Луис Энрике билан янги битим имзолаш арафасида турибди.

Бу ҳақда инсайдер ва журналист Бен Жейкобс ўз "X" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.

Манбанинг таъкидлашича, 56 ёшли испаниялик мутахассис билан тузиладиган янги келишув тўрт йилга мўлжалланади. Ҳозирда клуб бор эътиборини Франция чемпионати ва Чемпионлар Лигасидаги ғалабага қаратгани боис, ушбу келишувни расман эълон қилишга шошилмаяпти. ПСЖ раҳбарияти шартнома мавсум якунланганидан кейин имзоланишига ҳам хотиржам муносабатда экани айтилмоқда, чунки томонлар аллақачон ўзаро келишувга эришиб бўлишган.

Луис Энрикенинг парижликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган. Испаниялик мутахассис 2023 йилдан буён ПСЖни бошқариб келмоқда. Ушбу давр мобайнида у Чемпионлар Лигасида зафар қучди, икки карра Франция чемпиони ва мамлакат Кубоги соҳибига айланди. Шунингдек, унинг ҳисобида учта Франция Суперкубоги, биттадан УЕФА Суперкубоги ва Қитъалараро кубок мавжуд.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: