

25 сентябрь куни “The Athletic” ва яна қатор нашрлар "Манчестер Сити" 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда АПЛнинг молиявий қоидаларини бузганлик бўйича 115 та банддан 114 тасида айбдор деб топилгани ҳақида хабар берганди.
"115 та айбловдан 114 тасида айбдор деб топилган вазиятда қандай жазо адолатли бўлишини тушуниш жуда қийин. Сабаби "Ноттингем" ёки "Эвертон" каби бошқа клублар ҳам қоидаларни бузишган ва бошқача санкцияларга — очколардан маҳрум қилиш ёки жарималарга тортилишган эди. Бу чиқарилган ҳукм кўламини ҳисобга олганда ҳайрат уйғотадиган жуда мураккаб ҳолат. Шунингдек, қоидалар шу даражада бузилган экан, назорат органлари қаерда эди, деган савол ҳам ўринлидир", – деди Почеттино.
"Челси" ва "Тоттенхэм" собиқ мураббийининг фикрича, ушбу қоидабузарликлар "шаҳарликлар"нинг ўтмишдаги ютуқларига соя солади.
"Бу жуда ачинарли ҳолат, чунки эришилган ва нишонланган нарсалар, эҳтимол, ҳақиқий бўлмаган. Биз спорт адолати мавжуд бўлмаган даврни бошдан кечирдик. Агар айбловлар исботланса, содир бўлган нарсаларни тузатиш жуда қийин бўлади. Ҳеч бўлмаганда бу ҳолат келажакда тенглик бўлишига кафолат бўлиб хизмат қилади деб умид қиламан", – дея қўшимча қилди у.
Инглиз клуби қарор устидан апелляция бериши кутилмоқда. “The Athletic” маълумотларига кўра, "Манчестер Сити"га жарима, очколардан маҳрум этиш, совринларни тортиб олиш ва Чемпионшипга тушириб юбориш хавфи мавжуд.



