

“Бундай мураккаб вазият клуб тарихида илк бор рўй бермоқда.
“Бунёдкор” футбол клуби мундиаль сабаб юзага келган танаффусдан кейин ҳам ўз майдонида расмий учрашувлар ўтказа олмаяпти. Жумладан, Суперлига 12-тури доирасидаги “Насаф” клубига қарши уй учрашувини “қалдирғочлар” “Олимпия” стадионида ўтказишга мажбур бўлди ва табиийки, локация сабаб юзага келган ноқулайлик оқибатида чипталар савдосини тўлақонли йўлга қўя олмади. Қўшимчасига, стадион 26 июль санасига ҳам тайёр бўлмаганидан келиб чиқиб, “Бунёдкор” стадионида ўтиши лозим бўлган Тошкент дербисини ҳам рақиби “Пахтакор” майдонига кўчиришга мажбур бўлди.
“Бунёдкор” 8 август куни ўз майдонида ОКМК клубини қабул қилиши режалаштирилган. Суперлига регламентидан келиб чиқиб, “Қизилқум”га қарши учрашувда “Бунёдкор” футбол клубига техник мағлубият ёзилади. Клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси мавжуд бўлган футболчилар олдидаги қарздорликка қарамай, Илёс Зейтуллаев бошчилик қилаётган таркиб бир қатор учрашувларда майдонга тушди. “Бунёдкор” Навоий шаҳридаги учрашувга ўринбосарлар таркиби билан ҳам ташриф буюриши мумкин эди. Аммо клуб ҳисоб-рақами солиқлардан юзага келган қарздорлик сабабли актив ҳолатда эмас. Бу эса йўл чипталари, меҳмонхона ва овқатланиш харажатларини қоплашда муаммолар келтириб чиқаради.
Бугун, 31 июль куни Лига ва клуб маркетинг бўлимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Лига ОКМК клубига қарши уй учрашуви учун чипталар савдосини электрон усулда йўлга қўйиш таклифини илгари сурди. Мазкур масалани iTicket платформаси қўллаб-қувватлади ҳамда мажбурий солиқлар тўловларини амалда сақлаб қолган ҳолда, 16-тур ўйини учун хизмат кўрсатиш орқали ишлаб олинадиган комиссия тўловларисиз “Бунёдкор” клубига амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
“Бунёдкор” футбол клубига бефарқ бўлмаган футбол мухлислари унинг ОКМК клубига қарши расмий учрашуви учун чипта харид қилиш орқали жамоани қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади. Чипта нархлари ва шунга оид бошқа масалалар “Бунёдкор” футбол клуби томонидан алоҳида ёритиб борилади.
Лига ўз саҳифалари орқали “Бунёдкор” – ОКМК учрашувини ёритиш, уни мухлисларлар ўртасида тарғиб қилиш ишларини фаол давом эттиради. Шунингдек, мамлакат футболига бефарқ бўлмаган, мундиаль давомида футбол ҳавоси билан яшаган ҳамда миллий терма жамоамизни фаол тарзда қўллаб-қувватлаган барча ОАВ ва блогерларни “Бунёдкор” – ОКМК учрашуви чипталари савдосини ёритиш масаласига бефарқ бўлмасликка чақиради”, – дейилади ЎзПФЛ хабарида.



