

Овоз бериш жараёнида Championat.asia ходимлари, Transfermarkt'нинг рус тилидаги таҳририяти раҳбари Георгий Лекарев ҳамда таклиф этилган эксперт — футбол шарҳловчиси Отабек Жўраев иштирок этди.
Сўровнома якунларига кўра, июль ойида Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши мураббийи деб Миржалол Қосимов тан олинди. Унинг бошчилигида ОКМК учта ўйинда учта ғалабани қўлга киритди, тўплар фарқи эса 9:4 ни ташкил этди. Ушбу муваффақият эвазига Олмалиқ клуби ёзги танафсусдан сўнг Суперлигада учинчи ўринга кўтарилиб олди. Респондентларнинг 50 фоизи Қосимовга овоз берди, иккинчи ўринни эса "Динамо" устози Вадим Абрамов (33 фоиз) эгаллади.
Ой якунларига кўра Ўзбекистон Суперлигасининг энг яхши футболчиси 55 фоиз овоз тўплаган "Динамо" ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаев бўлди. Унинг ҳисобида июль ойидаги учта ўйинда урилган бешта гол бор. "Нефтчи" ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров иккинчи ўриндан жой олди — у учта ўйинда "гол+пас" тизими бўйича 2+2 очко жамғарди ва 33 фоиз овозга эга бўлди.




