Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан Саудия Арабистони футбол федерацияси бош мураббийнинг келажагига ойдинлик киритди

15 ноя 2026, 19:35
Саудия Арабистони футбол федерацияси миллий терма жамоа бош мураббийи Георгиос Дониснинг келажаги юзасидан ўз позициясини маълум қилди.

Kooora нашрининг хабар беришича, федерациядаги расмий манба грек мутахассиси яқин вақт ичида ўз лавозимида ишлашда давом этишини тасдиқлаган.

Дониснинг амалдаги шартномаси 2027 йил июль ойида якунланади. Осиё кубоги муддати ўзгартирилгани сабабли мураббийнинг келажаги ҳақида турли хабарлар тарқалган эди.

Мутахассис Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувидаги ғалабадан (3:2) сўнг ўтказилган матбуот анжуманида бу масалага муносабат билдирди.

"Осиё кубоги қолдирилганидан кейин мураббийлар штабимга шартномамиз мусобақанинг янги санасидан олдин тугашини айтдим. Шундан сўнг турли машҳур мураббийларнинг исмлари тилга олина бошланди. Бундай миш-мишлар ҳеч қандай фойда келтирмайди.

Миш-мишлар шахсан менга таъсир қилмайди, аммо жамоанинг ички муҳитига зарар етказади. Биз билан бирга ишлаётганлар қанчалик меҳнат қилаётганимизни яхши билишади", – деди Донис.

Мураббий Саудия Арабистони терма жамоасини 2027 йилги Осиё кубогида ҳам бошқариш истагини билдирган. Шунингдек, у келгуси йил март ойидаги йиғин ва кейинги мусобақаларга тайёргарлик режаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони миллий терма жамоаси 17 ноябрь куни Доҳада Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Kooora

Сўнгги янгиликлар

Барча ›