Али Лажами: “Ўзбекистонга қарши ғалаба қозониб, ФИФА рейтингидаги ўрнимизни яхшиламоқчимиз”

Sherzod Nurmatov
13 ноя 2026, 11:50
Саудия Арабистони миллий терма жамоаси ҳимоячиси Али Лажами Ўзбекистон ва Кореяга қарши ўртоқлик учрашувлари олдидан фикрларини билдирди.

Футболчи “Аш-Шарқ ал-Авсат” нашрига берган интервьюсида жамоа Қатардаги йиғин давомида аввалги хатолар устида ишлаганини таъкидлади.

“Йиғин давомида Форс кўрфази кубогида йўл қўйган хатоларимизни тузатишга эътибор қаратдик. Ҳар икки учрашувга ғалаба қозониш ва халқаро рейтингдаги ўрнимизни яхшилаш мақсадида чиқамиз. Худо хоҳласа, бунга эришамиз”, – деди Лажами.

Шунингдек, ҳимоячи Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари билан ўйнаш жамоа учун қўшимча рағбат эканини айтди.

“Албатта, Жанубий Корея ва Ўзбекистонга қарши баҳслар бизга янада яхши ўйин кўрсатиш учун қўшимча туртки беради. Ҳар икки учрашувда ҳам ғалаба қозонишни истаймиз”, – деди саудиялик футболчи.

Маълумот учун, Саудия Арабистони 13 ноябрь куни Жанубий Корея, 17 ноябрда эса Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Ўзбекистонга қарши баҳс Доҳадаги “Жассим бин Ҳамад” стадионида Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Аш-Шарқ ал-Авсат

Сўнгги янгиликлар

Барча ›