"Мундиал Allplay билан": Ўзбекистонда туғилиб, исмини ўзгартирган ҳолда Германия таркибида мундиалда қатнашаётган футболчи билан яқиндан танишамиз

Оқил Абдубарноев
15 июн 2026, 15:30
14 июнь куни жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 1-тур доирасида Германия – Кюрасао (7:1) учрашувининг 82-дақиқасида немислар таркибида Вальдемар Антон захирадан майдонга туширилди.

Нима бўпти шунга дейсизми? Гап шундаки, ушбу футболчи Ўзбекистонда таваллуд топган ва "оқ бўрилар" шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди…

Вальдемар Антон 1996 йил 20 июль куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида дунёга келган. Унинг расмий ҳужжатларида қайд этилган ҳақиқий исми Владимир бўлиб, кейинчалик исмини Вальдемарга ўзгартирган.

Снимок экрана 2026-06-15 145935.png

Спортчининг оилавий ва этник келиб чиқиши ғоятда хилма-хилдир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, унинг отаси миллатига кўра рус бўлиб, Россиянинг Урал минтақасидаги йирик саноат маркази – Екатеринбург шаҳридан келиб чиққан. Онаси эса тарихий Волга немислари авлодидан ҳисобланади. Волга немисларининг Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистонга келиб қолиши Иккинчи жаҳон уруши давридаги трагик воқеалар ва мажбурий депортация жараёнлари билан бевосита боғлиқ.

1990-йилларнинг охирига келиб, собиқ Иттифоқ республикаларидаги иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар фонида кўплаб этник немислар тарихий ватанига қайтиш ҳуқуқидан фойдаланишни бошладилар. 1998 йилда, Владимир эндигина икки ёшга тўлган пайтда, унинг оиласи Германия ҳукумати томонидан тақдим этилган "Spätaussiedler" (кўчиб келувчилар/этник немис муҳожирлари) мақоми асосида доимий яшаш учун Германияга кўчиб ўтишга қарор қилди. Бу кўчиш уларнинг ҳаётидаги энг катта бурилиш нуқтаси эди, чунки оила Ўзбекистондаги ўзининг барча яшаш тарзини ташлаб, Европанинг марказида мутлақо нотаниш шароитда янги ҳаёт бошлашга мажбур бўлган. Отаси автобус ҳайдовчиси, онаси эса ошпаз бўлиб ишлаган.

Снимок экрана 2026-06-15 145920.png

Валдемар боғчага чиққан кезларида немис тилида деярли гапира олмасди, лекин у яхши ўрта мактабда таълим олди ҳамда математика ва биология бўйича чуқурлаштирилган курсларда мактаб имтиҳонларини муваффақиятли топширди. Унинг лақаблари – "Вова" ва "Валди".

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул". Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Унинг футболдаги илк қадамлари профессионал академияларнинг идеал яшил майсаларида эмас, балки асфальтланган кўчаларда, ўзига хос шафқатсиз ва рақобатбардош муҳитда бошланган. У ўзини ҳақли равишда "кўча футболчиси" деб ҳисоблайди. Болалигида унинг оиласи Ганновердаги турк кабобхонаси (донер-кебаб дўкони) устида жойлашган кичик квартирада истиқомат қилган. Вальдемар ва унинг дўстлари кабобхона олдида жойлашган темир велосипед турар жойларини футбол дарвозаси сифатида ишлатиб, асфальт устида учга-уч (3v3) форматида футбол ўйнашган. Кўча футболининг ўзига хос хусусияти шундаки, у ерда ҳакамлар йўқ, қоидалар қаттиқ ва муросасиз бўлиб, бу муҳит болада жисмоний чидамлилик, тўпни тор жойларда бошқариш техникаси ва характернинг шаклланишига хизмат қилади. Ушбу кўча ўйинларининг ғолиби учун мукофот доимо тайин эди – мағлуб жамоа ғолибларга кабоб олиб бериши керак бўлган. Бу ширин хотиралар унинг онгида шу қадар кучли ўрнашиб қолганки, спортчининг ўзи эътироф этишича, у ҳозирга қадар қаердадир кабобхона ёнидан ўтиб қолса, биринчи навбатда ўша болаликдаги ғалабалари ва кўча футболининг ҳароратини эслайди.

"Биз кабобхонанинг тепасида яшардик. Унинг олдидаги велосипед тураргоҳларини дарвозага айлантириб, учга уч ўйнардик. Якунда ғолибга кабоб бериларди".

Снимок экрана 2026-06-15 150037.png

Германиянинг Ганновер шаҳрига кўчиб келган оила дастлабки йилларда ниҳоятда оғир ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга дуч келган. Антоннинг ўзи катта бўлгач берган интервьюларида онасининг хотираларига таяниб таъкидлашича, улар Германияга ҳеч қандай молиявий захирасиз, бойликсиз ва ҳатто оддий юкларсиз, том маънода нолдан бошлаш учун етиб келишган. Ота-онасининг тинимсиз, оғир меҳнати ва жамиятда ўз ўрнини топиш йўлидаги машаққатли курашлари ёш Антоннинг онгида жуда эрта ва чуқур из қолдирди. Бу ҳолат кейинчалик унинг профессионал спортдаги ўта юқори меҳнат лаёқати ва муваффақиятга бўлган кучли иштиёқининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.

Антон оилада ёлғиз фарзанд бўлиб ўсди. У доимо ака-укалари бўлишини орзу қилган бўлса-да, бу бўшлиқни унинг атрофидаги ўзидан катта дўстлари тўлдирди. Бу дўстлар ҳаётда турли қийинчиликларни бошидан кечирган, кўчанинг паст-баландларини кўрган йигитлар эди ва улар Вальдемарни ўз укаларидек ҳимоя қилиб, тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилишди. Оилавий қадриятларга ниҳоятда содиқ бўлган Антон ўз интервьюларида ёшларга доимо ота-оналарнинг маслаҳатларига қулоқ тутишни тавсия қилади. У ўсмирлик даврида ота-онасининг гапига кирмай қилган хатолари ортидан бир неча бор қоқилинганини ва якунда барибир катталарнинг ҳақ эканлигини тушуниб етганини очиқ тан олади.

У илк бор етти ёшида клуб сафида ўйнаган бўлса, 2008 йилда, 12 ёшида "Ганновер 96" ёшлар академиясига қабул қилинди. 2015 йилнинг август ойида, 19 ёшга тўлганидан кўп ўтмай, у Минтақавий лигадаги илк ўйинини ўтказди ва қарийб бир йилдан сўнг Иккинчи Бундеслигада дебют қилди. 2017 йилда эса у асосий Бундеслигага кўтарилди.

2018 йилнинг ёзида, 22 ёшга тўлганидан сўнг кўп ўтмай, ўша пайтдаги бош мураббий Андре Брайтенрайтер томонидан жамоа сардори этиб тайинланди ва шу тариқа Бундеслигадаги энг ёш сардорга айланди.

"Ганновер 96" таркибида Антон 2015 йилдан 2020 йилга қадар тўп сурди. Бу давр мобайнида у барча турнирларда асосий жамоа сафида 130 та расмий ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 5 та гол ёздириб қўйди.

2020 йилнинг ёзида Вальдемар Антоннинг карьерасида сифат жиҳатидан мутлақо янги ва янада юқори босқич бошланди. Ўша вақтда Бундеслигага эндигина қайтган "Штутгарт" клуби раҳбарияти ҳимоя марказини кучайтириш мақсадида Антон номзодини танлади. Дастлаб "Ганновер" ўз тарбияланувчисини 12 миллион евродан камига сотишни истамаган бўлса-да, музокаралар натижасида трансфер тахминан 5-6 миллион евро ва кейинчалик қўшиладиган бонуслар эвазига амалга ошди. Бу трансфер Антон учун ўзининг тактик салоҳиятини тўлиқ намоён қилиш учун идеал трамплин вазифасини ўтади.

"Штутгарт" таркибида у 2020 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда жами 127 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол киритишга муваффақ бўлди. Бу давр ичида у жамоанинг сардори ва асосий таянчига айланди. Унинг "Штутгарт"даги фаолиятининг кулминацион нуқтаси 2023-2024 йилги мавсумга тўғри келади. Мазкур мавсумда "Штутгарт" барча кутилмаган натижаларни қайд этиб, Бундеслигада "Бавария" каби грандларни ортда қолдирган ҳолда вице-чемпионликни (иккинчи ўринни) қўлга киритди. Бу феноменал муваффақиятнинг асосий ижодкорларидан бири, шубҳасиз, мудофаани мустаҳкам ушлаб турган Вальдемар Антон эди. Унинг тўпни ўйинга киритишдаги хотиржамлиги, прессингни ёриб ўтишдаги узатмалари ва позицион хатоларга йўл қўймаслиги бутун Европа спорти таҳлилчилари томонидан юқори баҳоланди.

Европанинг топ-клублари Антоннинг "Штутгарт"даги муваффақиятларини диққат билан кузатиб боришди. 2024 йилнинг июль ойида, футболчи ўзининг 28 ёшга тўлишига саноқли кунлар қолганда, фаолиятидаги энг йирик ва масъулиятли шартномани имзолади. У Германиянинг энг байроқдор клубларидан бири, Чемпионлар Лигаси финалчиси – Дортмунднинг "Боруссия" клуби сафига бориб қўшилди. Шартнома 4 йил муддатга, яъни 2028 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган эди.

Спортчининг ўзи ушбу трансфер ҳақида шундай хотирлайди: "Мен аслида клубни ўзгартиришни режалаштирмаган эдим, аммо кейин Дортмунднинг 'Боруссия'си менга алоқага чиқди. Чемпионлар Лигаси финалига чиққан бундай топ-клубнинг қизиқиши ҳар қандай футболчини ўйлантириб қўяди. Улар илк дақиқаларданоқ мени жамоада кўришни қаттиқ исташаётганини ва менга муҳим рол беришларини ҳис қилдиришди".

Ҳозирги пайтга келиб, у "Боруссия" сафида 50 дан ортиқ расмий ўйинларда иштирок этиб, 4 та гол уришга ва жамоанинг алмаштириб бўлмас етакчиларидан бирига айланишга улгурди.

Антоннинг бозор қиймати ва унга бўлган глобал талаб ҳам мутаносиб равишда ўсиб борди. Нуфузли "Transfermarkt" портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 2026 йил май ойида 18 миллион еврони ташкил этган. "AKA Global GmbH" агентлиги томонидан бошқариладиган футболчининг реал бозордаги нархи эса бундан анча юқори. Англиянинг "Bulinews" нашри ва бошқа манбаларнинг хабар беришича, 2026 йилнинг ёзида Англия Премьер-лигаси гранди "Манчестер Юнайтед" унинг учун 40,5 миллион евролик улкан таклиф тайёрламоқда. Бундан ташқари, Испаниянинг "Атлетико Мадрид" ва Англиянинг "Атсон Вилла" клублари ҳам ўзбек заминида туғилган ушбу ҳимоячини ўз сафларида кўриш учун ҳаракат қилмоқда.

ФИФА қоидаларига кўра, туғилган жойи ва ота-онасининг келиб чиқиши сабабли, Антон бир вақтнинг ўзида учта мустақил давлат – Ўзбекистон, Россия ва Германия миллий терма жамоалари шарафини ҳимоя қилишнинг тўлақонли юридик ҳуқуқига эга эди.

2016-17 йилларда, у эндигина "Ганновер 96" асосий таркибига кира бошлаган даврда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мутасаддилари Антон билан алоқага чиқишган. Айни вақтда, Россия футбол иттифоқи ҳам унинг отаси томонидан россиялик эканлигини инобатга олиб, уни ўз сафига қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиққан.

Бироқ Антон прагматик ва ўзининг футболчи сифатида шаклланган маданий муҳитига мос қарор қабул қилди. У ўзининг иккинчи ватани бўлмиш Германияни танлади. Германия ёшлар терма жамоасидаги (U21) фаолияти ўта муваффақиятли кечди. 2016 йилдан 2019 йилгача у U21 термаси сафида 11 та ўйинда майдонга тушди. 2017 йилда Польшада бўлиб ўтган 21 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа Чемпионатида Германия терма жамоаси билан олтин медалларни қўлга киритиб, Европа чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Орадан икки йил ўтиб, 2019 йилги турнирда эса кумуш медал соҳибига айланди.

"Ўзбекистонликлар билан алоқа бўлган эди. Аммо бобом ва бувим ҳам у ерда ортиқ яшашмайди, ҳозир улар Россияда истиқомат қилишмоқда. Ўзбекистонда менинг ҳеч кимим қолмаган. Шу сабабли бу вариант умуман кўриб чиқилмади".

Ёшлар ўртасидаги муваффақиятларга қарамай, Германиядек футбол гигантининг асосий миллий терма жамоасига чақирув олиш учун унга салкам саккиз йиллик тинимсиз меҳнат ва барқарорлик талаб этилди. Ва ниҳоят, 2024 йилда унинг сабр-тоқати ва "Штутгарт"даги фантастик ўйинлари ўз натижасини берди. У Германия асосий терма жамоаси сафидаги дебютини Францияга қарши кечган юқори даражадаги учрашувда ўтказди. Шундан сўнг у терма жамоанинг доимий аъзосига айланди. 2024 йил давомида 7 та, 2025 йилда эса 5 та ўйинда майдонга тушиб, умумий ҳисобда 12 та расмий учрашувда Германия шарафини ҳимоя қилди. Энг муҳим воқеалардан бири шуки, Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсман уни 2026 йилги FIFA Жаҳон Чемпионатида иштирок этадиган жамоанинг якуний расмий қайдномасига киритди. Жаҳон миқёсидаги энг нуфузли ушбу турнирда Антон Антонио Рюдигер ("Реал Мадрид"), Жонатан Та ("Бавария") ва ўз клубдоши Нико Шлоттербек каби дунёнинг энг олди ҳимоячилари билан елкама-елка ҳаракат қилиш шарафига муяссар бўлди.

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул"

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›