

- Учрашув яхши кечди. Ўйин бошида ўз хатоларимиз сабабли гол ўтказиб юбордик. Йигитларда бироз ҳаяжон сезилди. Бунга ёзги йиғинларнинг бўлмагани сабаб ҳам бўлса керак. "Каттақўрғон" ўз вазиятларидан фойдаланиб кетди.

- Иккала голга эътибор берсак, деярли бир хил гол бўлди. Яъни рақиб иккинчи темпдаги зарба орқали гол урди. Бу нимадан далолат?
- Биринчи голда таянч ҳимоячилар марказий ҳимоячилар билан бир чизиқда қолиб кетди ва ҳудуд очиқ қолди. Иккинчи голда эса таянч ҳимоячилардан айнан ўша ҳудудда туришларини талаб қилгандим. Эътиборсизликми ёки тажрибасизликми, захирадан тушганидан кейин ўйинга кириша олмадими, билмадим, тўғри Сиз айтгандек иккита бир хил голлар ўтказдик. Ўзимизга ўзимиз шу голларни олиб келдик.
- Ўзингиз нега 2-3та ўйинда йўқ бўлиб қолдингиз? Қандай муаммолар бўлди? Нега жамоа ёзда йиғин ўтказмади?
- Муаммолар бор, энди уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаймиз-да. Яхши ният қилиб турибмиз, балки бу муаммолар ҳам ҳал бўлиб кетар. Энг катта муаммомиз - молиявий муаммо. Жамоа жуда ҳам қийин аҳволда. Ўйинга боришга пул бор, бошқа нарсаларга эса йўқ. Тўрт турдан кейин барчаси янада қийин бўлиб кетса керак. Уй майдонимиз йўқ, барча ўйинларимиз сафарда бўлмоқда.
- Етакчи футболчиларнинг жамоадан кетишининг сабаби шуми?
- Ҳа. Шу боисдан селекция ишларини ҳам олиб бормадик, ҳатто бош мураббий ким эканлиги ҳам аниқ эмасди. Варианти бор ўйинларимизнинг барчасига жавоб бердик. Уч позиция учун футболчи олдик, қолганлари эса бўш турибди. Зўрға 18 футболчи бўлдик ва ўйинга келдик.



