“Мундиал Allplay билан”. Фарзандининг даволаниши учун бутсаларини сотган дарвозабон – Орландо Хил ҳақида нималарни биласиз?

30 июн 2026, 16:32
Championat.asia Германия терма жамоасининг ЖЧдаги иштирокини якунланишига асосий сабабчилардан бири бўлган Парагвай дарвозабони Орландо Хил ҳақида сўз юритади.

Парагвай ЖЧ-2026 нимчорак финалига йўл олди. Жанубий америкаликлар 1/16 финалда мусобақа фаворитларидан бири саналган Германияни пенальтилар церийасида мағлуб этди. Учрашув қаҳрамони эса дарвозабон Орландо Хил бўлди. У немисларнинг дастлабки тўртта пенальти зарбасидан иккитасини қайтарди ва жамоасига тарихий ғалабани тақдим этди.

Қизиғи шундаки, бундан бир неча йил аввал Орландо Хил бутунлай бошқа муаммолар билан курашаётган эди. Бугун Германияни мусобақадан чиқариб юборган дарвозабоннинг ҳаёт йўли жуда оғир синовларга бой бўлган.

gettyimages-2283996439-2048x2048.jpg

Дарвозабоннинг болалиги

Хил болалигида умуман дарвозабон эмас, ҳужумчи бўлишни орзу қилган. У Парагвайнинг Сан-Лоренсо шаҳридаги "Club 13 de Junio de Reducto" клубида шуғулланган. Бир куни мураббий унга танлов қўяди: ё дарвозага ўтади, ё захирада қолади. 13 ёшли Орландо дарвозани танлайди.

Бироқ дастлаб бу қарор ўзини оқламайди. Хил жуда кўп гол ўтказарди. Шунга қарамай, у таслим бўлмади. Мануэл Ноер, Виктор Валдес ва Икер Касиляснинг ўйинларини мунтазам томоша қилди, қўшимча машғулотлар учун ҳатто мактаб дарсларини ҳам қолдирадиган бўлди. Онаси бунинг учун уни кўп койиганини кейинчалик табассум билан эслаган.

Тинимсиз меҳнат ўз самарасини берди. Уни аввал Парагвай U-17, кейин эса «Сан-Лоренсо» клуби пайқади. 16 ёшида захира жамоасида, 18 ёшида эса Парагвай U-20 терма жамоаси сафида Жанубий Америка чемпионатида иштирок этди.

Аммо профессионал фаолиятидаги энг оғир синов майдонда эмас, оиласида кутиб турганди.

gettyimages-2283406353-2048x2048.jpg

Ҳаётидаги оғир дамлар

2022 йилда Орландо Хилнинг ўғли Лаутаро Даниел муддатидан олдин дунёга келди. Чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зудлик билан даволаниш зарур эди. Ўша пайтда Хил ўйнаётган клубда маошлар мунтазам кечиктириларди ва оиланинг молиявий аҳволи оғир эди.

Даволаниш харажатларини қоплаш учун Орландо деярли қўлида бор барча нарсани сотишга мажбур бўлди. Бутсалари, кроссовкалари, клуб анжомлари ва ҳатто 2019 йилги У-20 Жанубий Америка чемпионатида кийган Парагвай терма жамоаси футболкасини ҳам сотди. Бу либос унинг учун оддий футболка эмас, болалик орзуси ушалганининг рамзи эди.

Бугун эса Хил ўша кунларни эслашни хушламайди. Интервьюларидан бирида у фақат шундай деган: "Бизга берган барча неъматлари ва оилам билан бошдан кечирган синовларимиз учун Худога шукр қиламан".

gettyimages-2283936731-2048x2048.jpg

Парагвай терма жамоасидаги фаолият

Қизиғи, Орландо Хил Парагвай миллий терма жамоасида анча кеч – 25 ёшида дебют қилган. Бундан ҳам қизиғи, у илк ўйинини Парагвай ЖЧ йўлланмасини ҳал қилиб бўлганидан кейингина ўтказган. Дастлаб мураббий Густаво Альфаро уни шунчаки кўриб олиш учун йиғинга чақирган эди. Аммо машғулотлардаги ишончли ҳаракатлари ва ўйини туфайли Орландо қисқа вақт ичида асосий дарвозабонга айланди.

Германияга қарши баҳс унинг Парагвай сафидаги атиги ўнинчи учрашуви бўлди. Шунга қарамай, айнан у пенальтилар церийасида икки зарбани қайтариб, жамоасини нимчорак финалга олиб чиқди.

Бир неча йил аввал ўғлининг даволаниши учун шахсий буюмларини сотишга мажбур бўлган Орландо Хил бугун Парагвайнинг ЖЧдаги энг муҳим ғалабаларидан бирининг бош қаҳрамонига айланди.

gettyimages-2283947509-2048x2048.jpg

ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›