Ўзбекистон Кубоги 2-босқич учрашувларидан сўнг мураббийлар қандай фикрда?

Sherzod Nurmatov
26 мар 2026
Кеча Ўзбекистон Кубоги 3-босқичининг навбатдаги икки иштирокчиси аниқланди.

Булар — “Локомотив БФК”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган “Гулистон” ва “Дўстлик” билан дуранг ўйнаб (1:1), пенальтилар сериясига кўра 6:5 ҳисобида ғалаба қозонган “Азур”.

Учрашувлардан кейин 4 нафар бош мураббий ўз фикрларини билдирди.

Андрей Пятницкий (“Азур” жамоаси бош мураббийи):

“Ўйин яхши ўтди. Қийин ўйин бўлишини олдиндан билардик. Рақибимиз кучли жамоа эди. Ўтган йилги мавсумда Биринчи лигада совриндор бўлгани бежиз эмас. Лекин омад биз томонда бўлди. Бундан хурсандман. Жамоа ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдик, деб айта оламан”.

2.jpg

Самуг Дадаев (“Дўстлик” жамоаси бош мураббийи):

“Бу йил таркибимиз анча ёшарди. Жамоамизнинг ўзагини Дўстлик академияси битирувчилари ташкил этмоқда. Бугун улар учун илк катта ўйин эди. Шунга қарамай, жамоамиз жуда яхши ўйин кўрсатди ва ўйин жиҳатидан рақибидан устун эканини исботлади. Аммо пеналтилар сериясида омад жамоамиздан юз ўгирди. Умуман олганда, жамоамизнинг илк ўйинидан кўнглим тўлди”.

3.jpg

Шаҳбоз Тожиев (“Локомотив БФК” жамоаси бош мураббийи):

“Чиройли ўйинга гувоҳ бўлдик. Рақибимиз номдор таркибга эга бўлган яхши жамоа эди. Бугунги ўйинда ҳавонинг иссиқлиги жамоамизга халақит берди. Йигитлар Рамазон ойидан кейин қайта тикланишга улгуришмаганди. Бу жиҳатлар ўйин натижасига таъсир ўтказмай қолмади.

Шундай бўлса-да, биз ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Умид қиламанки, Биринчи лига мусобақасида ўзимиз кўзлаган натижага эриша оламиз”.

4.jpg

Аббос Эргашев (“Гулистон” жамоаси бош мураббийи):

“Ўйинни жуда ёмон бошладик. Бу бевосита мени ҳам ҳавотирга қўйди. Боиси ўйин бошидаги хатолар учрашув натижасига таъсир ўтказиши мумкин эди. Лекин бундай бўлмади ва муҳим ғалабани қўлга киритишни уддаладик.

Бугун жамоамизга асосий футболчиларимиздан бири Асилбек Умрзоқов қизил карточкаси борлиги сабаб ёрдам бера олмади. Унинг йўқлиги албатта билинди. Аммо унинг ўрнида ўйнаган тажрибали Шоҳназар Норбеков ҳам яхши ўйин кўрсатди”.

1.jpg


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia