ОФК 2030 йилдан бошлаб Жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги саралашини ўзгартирувчи Миллатлар лигасини таклиф қилмоқда

Оқил Абдубарноев
4 окт 2026, 22:09
Осиё футбол конфедерацияси 2030 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган янги Миллатлар лигаси турнирини йўлга қўйиш режасини ишлаб чиқди.

Уч дивизиондан иборат мазкур мусобақа рақобатсиз ўртоқлик ўйинлари ўрнини босиши ҳамда Жаҳон ва Осиё кубокларига саралаш тизими билан бевосита интеграция қилиниши кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, тизимда Осиёнинг 47 та аъзо мамлакати иштирок этади: юқори иккита дивизионда 18 тадан, учинчисида эса 11 та жамоа жойлашади. Операцион харажатлар ва тақвимнинг тиғизлиги сабабли мусобақани мутлақо алоҳида турнир сифатида ўтказиш таклифи рад этилган. Ҳар бир дивизионнинг энг яхши ва энг ёмон иккита жамоаси ўртасида автоматик равишда юқорига чиқиш ҳамда пастга тушиш тизими қўлланилади.

Янги мусобақанинг йирик турнирларга саралаш тизими қуйидагича бўлади:

  • Жаҳон чемпионати йўлланмаси (2032-33 йиллардан бошлаб): Биринчи дивизион жамоалари 6 тадан уй ва сафар ўйинларини ўтказади. Энг яхши 6 та жамоа тўғридан-тўғри Жаҳон кубогига йўлланма олса, 7-10-ўрин эгалари қолган йўлланмалар учун ўзаро плей-оффда курашади.

  • Осиё кубоги йўлланмаси (2030 йилдан бошлаб): Биринчи дивизионнинг барча жамоалари ва иккинчи дивизионнинг энг яхши 6 та жамоаси қитъа биринчилигига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Шунингдек, биринчи дивизионнинг энг кучли 8 та жамоаси умумий чемпионни аниқлаш учун плей-оффда иштирок этади.

Янги тизимга силлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида 2028-29 йилларда синов тариқасидаги турнир ўтказилади. Унда жамоаларнинг дивизионлардаги ўрни ФИФА рейтинги орқали эмас, балки қўшма саралаш босқичи натижалари асосида белгиланади, бу эса барча ассоциациялар учун тенг имконият яратади.

ОФК Бош котиби Датук Сери Виндзор Жон мазкур ўзгаришнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади: "ФИФА кунларида тизимли мусобақа платформасини жорий этиш орқали биз юқори савиядаги ўйинларга мунтазам киришни таъминлашни мақсад қилганмиз. Тижорат ҳамкорлари томонидан Миллатлар лигаси форматидаги мусобақага қизиқиш ва талаб ортиб бормоқда".

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Goal

Сўнгги янгиликлар

Барча ›