Равшан Ҳайдаров мусобақа ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди ва мағлубият сабабларига тўхталди

3 окт 2026, 20:25
3 октябрь куни Япониянинг Аичи префектурасида жойлашган "Тойота" стадионида Осиё ўйинларининг эркаклар футболи мусобақаси 3-ўрин учун баҳси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон U-21 терма жамоаси Хитой U-23 вакилларига қарши майдонга тушиб, пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.

Учрашувдан сўнг вакилларимиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров мағлубиятдан афсусда эканини билдириб, мусобақа мезбонларига юксак ҳурмат бажо келтирди.

"Буни сўз билан ифодалаш жуда оғир. Шундай бўлса-да, Япония халқига ва мусобақа ташкилотчиларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман", – деди мутахассис.

Мураббийнинг фикрича, ўйин тўлиқлигича вакилларимиз назорати остида ўтган. Унинг таъкидлашича, жамоа нафақат бу баҳсда, балки бундан олдинги Японияга қарши ўйинда ҳам майдонда устунлик қилган, бироқ бугунги рақиб қарши ҳужумдаги кичик хатодан унумли фойдаланган.

Ҳайдаров ўз шогирдларига миннатдорлик билдириб, улар майдонда бор кучини берганини, аммо пенальтилар сериясидек руҳий босим юқори бўлган паллада психологик томондан янада кўпроқ ишлаш кераклигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон терма жамоаси U-23 тоифасидаги мазкур мусобақага атайлаб ёшроқ бўлган U-21 таркиби билан ташриф буюрган эди. "Бизда 2028 йилги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш бўйича режамиз бор. Асосий мақсадимиз – Олимпиадада иштирок этиш. Шунинг учун футболчилар ва жамоамиз ҳозир тажриба тўплаш босқичида", – деди бош мураббий. Ёши каттароқ рақибларга қарши жиддий ўйинлар жамоанинг ўсиш дастурининг муҳим қисми сифатида қаралган.

Мутахассис келгусида барча чизиқларда ва ҳар бир вазиятда ўйинни кучайтириш, хатоларни тўғрилаб, фақат олдинга интилиш зарурлигини таъкидлади.

Япониядаги салкам уч ҳафталик фаолиятни сарҳисоб қилар экан, Равшан Ҳайдаров ташкилий ишларни юқори баҳолади: "Ташкилий масалалар жуда юқори даражада бўлди. Иқлим ҳам футбол ўйнаш учун жуда қулай эди. Ёмғирли кунлар ҳам кузатилди, аммо бу ўзимизнинг иқлимга ўхшаш бўлгани учун мослашишда муаммо бўлмади". Сўзининг якунида мураббий яна бир бор Япония халқи ва ташкилотчиларга самимий ташаккур изҳор қилди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›