Осиё ўйинлари: Хитой матбуоти ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ходими Чжан Юнингни бўғиб олганини таъкидламоқда

Оқил Абдубарноев
4 окт 2026, 20:20
Осиё ўйинларининг эркаклар футболи мусобақасида бронза медали учун кечган баҳсда Хитой U-23 терма жамоаси пенальтилар сериясида Ўзбекистон U-23 вакилларини мағлуб этди.

Учрашувдан сўнг хитойлик спорт шарҳловчиси Дун Лу ижтимоий тармоқларда видео эълон қилиб, ўйиндан кейинги можаро вақтида Ўзбекистон терма жамоаси ходимларидан бири хитойлик ҳужумчи Чжан Юнингнинг бўйнидан бўғиб олганини даъво қилди.

Дун Лу эълон қилган видеосида ҳолатни қуйидагича изоҳлаган: "Ўйиндан сўнг Ўзбекистоннинг бир ходими келиб, Чжан Юнингни бўғиб олди. Бу ҳақиқатан ҳам ҳаддан ошиш эди. Чжан жавоб қайтаришга чоғланди, аммо якунда ўзини қўлга олди. Шундан сўнг икки томон ўртасида оммавий тортишув бошланди. Чжан атрофдагиларга "у мени бўғиб олди", дея ишора қилди ва арз қилиш учун ҳакамни излаб кетди".

Журналистнинг сўзларига кўра, футболчи дастлаб ҳакамлар либосидаги бошқа шахснинг олдига борган, бироқ у бош ҳакам эмаслигини билгач, ҳақиқий ҳакамни топиб, унга вазиятни тушунтирган. Бироқ бош ҳакам ортиқча муаммолардан қочиш мақсадида бунга эътибор қаратмаган ва футболчига кетишни буюрган. Ҳакамдан нажот топмаган Чжан эса рақиблари томон эътироз билдиришда давом этган. Дун Лу ўз хабарини "Нима бўлганда ҳам биз ғалаба қозондик, кимга қийин бўлганини ўзи билади", деган хулоса билан якунлаган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Zhibo8

Сўнгги янгиликлар

Барча ›