Анатолий Демьяненко "Насаф"даги фаолияти ҳақида: "Бу жамоа ва раҳбарият ҳақида соатлаб гапиришим мумкин"

Оқил Абдубарноев
4 окт 2026, 18:00
Қаршининг "Насаф" клуби тарихида илк халқаро соврин – ОФК кубогини қўлга киритган украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демьяненко Қаршидаги мураббийлик фаолияти, жамоа футболчиларини қандай руҳлантиргани ва клубининг улкан ютуқлари негизида ётган омиллар ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Украиналик мутахассис хориждаги мураббийлик тажрибаси ҳақида тўхталар экан, Бокунинг "Нефтчи" клубидаги носоғлом муҳитни эслашни истамаслигини, бироқ "Насаф" ҳақида жуда узоқ гапириши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европа Лигасининг Осиёдаги муқобили ҳисобланган ОФК кубогидаги тарихий ғалабада клуб раҳбариятининг хизматлари катта бўлган. У Қарши ва бутун Ўзбекистон учун биринчи бўлиб халқаро клуб кубогини қўлга киритганидан ҳанузгача фахрланишини айтиб ўтди.

Демьяненко Қаршига илк бор келган вақтларида футболчилардаги ўзига хос қўрқувни пайқаганини ёдга олди. "Ўйинчилар техник томондан кучли эди, лекин уларда қандайдир ҳадик бор эди. Мен улардан нимадан қўрқаётганликларини сўрадим. Агар имконият бўлса, олдинга ўтиш кераклигини, тўпни йўқотишдан чўчимасликни уқтирдим. Чунки ўз дарвозамизгача 70-80 метр масофа бор ва шериклар доим ёрдамга келади, деб тушунтирдим. Шу тариқа мен уларнинг салоҳиятини юзага чиқардим", – дейди мутахассис. У Қаршида ажойиб жамоа ва аҳил коллектив шаклланганини эътироф этди.

Шунингдек, собиқ бош мураббий Ўзбекистоннинг футболи ва одамлари унда энг илиқ таассуротлар қолдирганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, раҳбарият ва шаҳар ҳокимлиги том маънода клуб ҳаёти билан яшаган ва доимий равишда катта ёрдам кўрсатган. Хусусан, ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Киевнинг "Динамо" клуби мухлиси бўлганини, тез-тез мураббийнинг олдига келиб, футбол ҳақида узоқ суҳбатлашиб ўтирганини эслади.

Демьяненко клубнинг ўша вақтдаги президенти Алишер Султоновнинг замонавий ва илғор фикрли раҳбар сифатида жамоа ишлари билан доимий қизиқиб турганини алоҳида эътироф этди. Мутахассиснинг хулоса қилишича, "Насаф"нинг ўша даврдаги тарихий ютуқларига клубдаги барча ходимлар, шу жумладан, бош мураббий ҳам раҳбариятнинг тўлиқ ишончи ва қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб ишлагани асосий сабаб бўлган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Спорт РБК Украина

Сўнгги янгиликлар

Барча ›