ЎФА навбатдаги тўрт йил учун ҳам Лига бош директорлигига Диёр Имомхўжаев номзодини тақдим этди

Aslanov Jasurbek
19 авг 2026, 14:16
2020-йилдан эътиборан Лига бош директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келган, 2022-йилга келиб эса Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси президенти тақдимига биноан расман бош директор сифатида тасдиқланган Диёр Имомхўжаевнинг ваколат муддати якунига етгани ҳақида шу йилнинг 27-июль куни хабар берилганди.

Унга кўра, Ассоциация президенти ёки ташкилот Ижроия қўмитаси Лигани кейинги тўрт йил давомида бошқариш учун номзодлар рўйхатини Лига Ижроия қўмитасига тақдим этиши лозим эди.

17-август куни Ассоциация президенти Баҳодир Қурбонов томонидан имзоланган тақдимнома Лига Ижроия қўмитасига юборилди. Унда, Лига бош директори лавозимида бунгача фаолият кўрсатиб келган Диёр Имомхўжаев раҳбарлигида ўтган давр давомида амалга оширилган ижобий ишлар қайд этилган бўлиб, шу асосда Ассоциация Лиганинг навбатдаги муддатга раҳбарлиги учун Диёр Имомхўжаев номзодини илгари сурган.

Лига Уставидан келиб чиқиб, эндиликда ташкилот Ижроия қўмитасининг 8 нафар аъзоси Ассоциация томонидан тақдим этилган номзодни ўз овози билан тасдиқлайди ёки уни рад этади. Номзод қўмита аъзоларининг кўпчилик овози билан рад этилган тақдирда, Ассоциация президенти ёки ташкилот Ижроия қўмитаси Лига бош директорлиги учун бошқа номзод тақдим этиши лозим бўлади.

Маълумот учун, Лига Ижроия қўмитасининг 8 нафар аъзоси орасидан 5 нафари клублар манфаатини ҳимоя қилувчи вакиллар ҳисобланади: Элбек Саматов (Андижон), Баҳодир Мирзаев (ОКМК), Тўлабек Акрамов (Локомотив), Алишер Юсупов (Насаф), Мақсуд Каримов (Хоразм). Қолган уч вакил эса уч турли ташкилот аъзолари ҳисобланади: Одил Аҳмедов (ЎФА), Камолиддин Мурзоев (ЎФУ), Ойбек Иброҳимхонов (ЎзПФЛ).

Лига Ижроия қўмитаси аъзоларининг ташкилот бош директорлиги учун тақдим этилган номзодга овоз бериши ёки мазкур номзодни тасдиқламаслиги масаласи тез орада расман эълон қилинади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: pfl.uz