МЮнинг чораклик соф зарари 18,1 миллион фунтгача ўсди

Sherzod Nurmatov
20 ноя 2026, 13:10
"Манчестер Юнайтед" 30 сентябрда якунланган 2026/27 молиявий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 18,1 миллион фунт стерлинг миқдорида соф зарар қайд этди.

Бир йил аввал худди шу даврда клуб 6,6 миллион фунт йўқотганди. Бу маълумотлар Manchester United plc компанияси ҳисоботида келтирилган.

Клубнинг 3 ойлик тушуми 4,1 фоизга — 140,3 миллион фунтдан 146,1 миллион фунтгача ошди. Асосий жамоанинг Чемпионлар Лигасидаги иштироки туфайли телетрансляциялардан олинган даромад 29,9 миллиондан 35,2 миллионгача кўтарилди. Тижорий тушум 84,1 миллионни, ўйинларни ўтказишдан олинган даромад эса 26,8 миллион фунтни ташкил этди.

Операцион натижа бир йил аввалги 13 миллион фунтлик фойдадан 3 миллион фунтлик зарарга ўзгарди. Ходимларга (футболчилар ва мураббийлар штабига) кетган харажатлар, жумладан, жамоанинг Чемпионлар Лигасига қайтгани фонида 8,6 фоизга ошиб, 79,9 миллион фунтга етди.

Клубнинг АҚШ долларидаги узоқ муддатли қарзлари номинал суммаси бир йил аввалги 650 миллион долларга нисбатан 775 миллион долларга етди. Ҳисоботда аниқлик киритилишича, ушбу мажбуриятлардан ташқари компанияда қайта тикланадиган кредит линияси ҳам мавжуд: 30 сентябрь ҳолатига кўра, ҳисобланган фоизлар билан биргаликдаги жорий қарзлар 207,1 миллион фунтни ташкил қилган. Шу боис узоқ муддатли доллар қарзлари кўрсаткичини клубнинг бутун қарздорлиги сифада талқин қилмаслик лозим.

"Манчестер Юнайтед" бутун молиявий йил учун тушум бўйича аввалги прогнозини — 740 миллиондан 760 миллион фунтгача бўлган кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирди.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Manchester United plc