Умарали Раҳмоналиев Россияга қайтишни истамаяпти – футболчининг трансфер режаси маълум бўлди

20 ноя 2026, 11:11
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Озарбайжоннинг "Сабаҳ" клуби ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев фаолиятини Россия Премьер-лигасида давом эттириш ниятида эмас.

Fanat.az нашрининг хабар беришича, 23 ёшли футболчининг агентлари унинг хизматларини Қозоннинг "Рубин" ва "Краснодар" клубларига таклиф қилган. Бироқ Раҳмоналиевнинг ўзи Россия чемпионатига қайтишдан манфаатдор эмас.

Манбага кўра, ўзбекистонлик футболчи келажакда фаолиятини Европанинг бошқа мамлакатларидан бирида давом эттиришни мақсад қилган. У фақат шу йўналишдаги таклифларни кўриб чиқиш ниятида.

Ҳозирча "Рубин" ёки "Краснодар" томонидан расмий таклиф юборилгани ёхуд музокаралар бошлангани ҳақида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Умарали Раҳмоналиев 2023–2025 йилларда "Рубин" шарафини ҳимоя қилган. У 2025 йил январда ижара асосида "Сабаҳ"га ўтган, 2026 йил бошида эса Озарбайжон клуби унинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олган.

Раҳмоналиев "Сабаҳ" билан 2025/26 йилги мавсумда Озарбайжон чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа тарихда илк бор УЕФА Чемпионлар лигасининг умумий босқичига йўлланма олди.

Ўзбекистонлик футболчининг "Сабаҳ" билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Fanat.az