

Саудия Арабистонининг "Al Jazirah" нашри хабар беришича, Жидда клуби халқаро танаффус чоғида "Ал-Ула"га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Жамоа бош мураббийи Йенс Виссинг мазкур баҳсда кўплаб футболчиларнинг жисмоний ва функционал ҳолатини синовдан ўтказган.
Узоқ вақт жароҳат сабаб майдонга тушмаган ҳимоячи Аҳмад Шараҳили ушбу учрашувда бир бўлим ҳаракат қилган. Унинг "Пахтакор"га қарши баҳсда иштирок этиши мураббийнинг қарорига боғлиқ.
Яна бир ҳимоячи Ҳасан Кадеш эса тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Унинг Тошкент клубига қарши учрашувни ўтказиб юбориши аниқ бўлган.
Шунингдек, хочсимон пай жароҳатидан фориғ бўлиб, яқинда машғулотларга қайтган малилик ярим ҳимоячи Мамаду Думбия "Ал-Ула"га қарши баҳсда иштирок этмаган. Мураббийлар штаби футболчини босқичма-босқич ўйинларга тайёрлашни режалаштирмоқда.
Ўз миллий терма жамоалари йиғинида иштирок этган Марвон ас-Саҳофий, Форис Абдий, Аҳмад ал-Ғомидий, Юсуф ан-Насирий ва Дион Лопининг яқин кунларда "Ал Иттиҳод" машғулотларига қўшилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ал Иттиҳод" Осиё Чемпионлар лигасининг аввалги турида БААнинг "Ал-Айн" клубига 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
"Ал Иттиҳод" – "Пахтакор" учрашуви 23 ноябрь куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтади.



