

30 сентябрда якунланган уч ой мобайнида клубнинг соф зарари 18,1 миллион фунт стерлингни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 6,6 миллион фунт даражасида эди. Даромад эса 4 фоизга ошиб, 146 миллион фунтга етди.
Клуб қарзи ўтган йилга нисбатан 93 миллион фунтга кўпайиб, 577,4 миллион фунт стерлингни ташкил қилди. "Манчестер Юнайтед" бу ҳолатни июнь ойида кредитнинг қайта молиялаштирилгани билан изоҳлади.
Молиявий натижалар жамоанинг мавсумдаги муваффақиятсиз старти фонида эълон қилинди.
"Манчестер Юнайтед" АПЛ турнир жадвалида 18-ўринни эгаллаб турибди. Чемпионатнинг ўнта ўйинида атиги битта ғалаба қозонган Майкл Кэррик истеъфога чиқарилганидан сўнг, клуб бош мураббий этиб Маурисио Почеттинони тайинлади.
Ҳисобот эълон қилингач, АҚШ биржасида савдога қўйилган "Манчестер Юнайтед" акциялари дастлабки савдоларда қарийб 9 фоизга пасайди.
Шунингдек, клуб йиллик даромад ва асосий фойда бўйича прогнозни ўзгаришсиз қолдирганини ҳамда молиявий барқарорлик қоидаларига риоя қилишда давом этаётганини маълум қилди.


